Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Кейинги йилларда таълим тизимини такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Президент қарори билан 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. Жорий йилда мамлакатимизда 13та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилди. Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишлари бошланди.

Албатта, бундай эътибор яқин келажакда ўз самарасини беради. Лекин барча соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда шу суръатга мос илғор кадрлар мамлакатимизга бугун керак. 

Ҳозирги тизимли ўзгаришлар жараёнида аксарият мутахассисларнинг бунга тайёр эмаслиги, уларнинг билими, малакаси ва кўникмаси замон талабига жавоб бермаслиги аён бўлиб қолди. 

Масалан, хорижда докторантура ва магистратурада ўқитиш, малака ошириш ва стажировкани ташкил қилиш бўйича дастлабки эҳтиёж 3,5 мингдан ортиқ. Юртимизда халқаро илмий ва амалий тажриба эга 600 нафардан зиёд ватандошларимизга эҳтиёж мавжуд. 1000 нафарга яқин хорижий олимлар ва экспертларни жалб этишга талаб бор.

Яъни, бугун кечиктириб бўлмайдиган, оддий илмий ва илмий-педагогик кадрларга бўлган эҳтиёж 5 мингдан зиёдни ташкил этади. Агар ишлаб чиқаришдаги талаб ҳам инобатга олинса бу рақам камида 50-100 бараварга ошади.

«Бу ҳали бугунги эҳтиёж. Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялашимиз керак. Бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз», – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирди президент матбуот хизмати. 

Давлат раҳбарининг жорий йил 25 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилган эди. 

Жамғарма олдига ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни докторантура ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, турли соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш, хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни мамлакатимизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб қилиш, чет элдаги университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликда юқори малакали кадрларни тайёрлашга қўмак бериш вазифалари қўйилган.