Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида “Энг яхши хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати” танловини ўтказиш, техник ва санитария холати ҳамда энергия тежамкорлик кўрсаткичи бўйича “Энг яхши уй” сифат белгиси билан тақдирлаш учун кўп квартирали уйни танлаб олиш тартиблари тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида “Энг яхши хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, танловнинг мақсади – ширкатларнинг фаолиятини ривожлантириш, рағбатлантириш, энг яхши ширкатлар тажрибасини амалиётга татбиқ қилиш, хонадон мулкдорлари ўртасида умумий мулкни бошқариш, сақлаш, фойдаланиш, уни асраб авайлаш ва ривожланишга кўмаклашишга ундашдан иборат.
Танловнинг асосий вазифалари:
туман (шаҳар), вилоят ва республикадаги энг яхши хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатини аниқлаш;
танлов ғолиблари – энг яхши хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатларини моддий рағбатлантириш;
хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатидаги кўп қаватли уй-жойларни бошқариш ва хизмат кўрсатишнинг сифатини оширишга ёрдам бериш.
“Энг яхши хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати” танловини ўтказиш ва ғолибларни совринлар билан рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимиятлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмалари билан биргаликда ҳар йили “Энг яхши хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати” танловининг туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичларини ўтказади.
Танлов қуйидаги 3 босқичда ўтказилади:
1-босқич – туман (шаҳар) хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари ўртасида;
2-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича 1-босқич ғолиблари ўртасида;
3-босқич – республика бўйича 2-босқич ғолиблари ўртасида.
Танлов комиссияси жойларда танлов ўтказиш жараёнлари тўғрисида оммавий-ахборот воситалари орқали кенг тарғибот ишларининг амалга оширилишини таъминлайдилар.















