“Ватанпарварлик ойлиги”га бағишланган фармойиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси масъул офицерлари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти раиси ўринбосари Мажид Умаров ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, фармойишга кўра, бу сафарги байрам тадбирлари ташкилий жиҳатдан олдингиларидан тубдан фарқ қилиши кўзда тутилган.
Анжуман давомида жорий йилнинг 15 декабридан 2019 йилнинг 15 январига қадар “Ватанпарварлик ойлиги” этиб белгилангани, бу вақт ичида амалга ошириладиган ишлар дастури муҳокама қилинди. Хусусан, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларда ватанпарварлик туйғуларини янада ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
«Армиямизда ҳақиқий қаҳрамонлик ишларини амалга оширган, ёшларга намуна сифатида кўрсатса арзийдиган ҳарбий хизматчилар жуда кўп. Болаларимиз шу каби ҳарбийлар ҳақида билиши, худди улар каби Ватанига содиқ фарзанд бўлишга интилиши керак. Бунинг учун эса биз оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг кўламли ишларни бажаришимиз лозим», — деди подполковник Баҳром Зулфиқоров.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг 12 декабрдаги «Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг айрим муассасалари Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилгани ва эндиликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди. Қарорда белгиланганидек, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари ташкил этиладиган бўлди.
Шунингдек, анжуман давомида Мудофаа вазирлиги «Ватанпарвар» бирлашган таҳририятининг газетасида мустақиллик йилларида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамонлар ҳақида чоп этилган қисса ҳамда мақолалардан иборат “Ватан омон бўлсин!” номли китобниинг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Мавзуга оид
11:31 / 11.01.2019
Тошкентда 4 кун давомида ватанпарварлик фестивали ўтказилади
10:52 / 10.01.2019
Фоторепортаж: Андижон халқ таълими бошқармаси томонидан ҳарбий ватанпарварлик ойлиги жойларда кенг нишонламоқда
18:04 / 04.01.2019
Чирчиқда «Темурбек ворислари» беллашди
16:55 / 15.12.2018