Ўзбекистон | 11:31 / 11.01.2019
5346
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда 4 кун давомида ватанпарварлик фестивали ўтказилади

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг фармойишига мувофиқ Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимизда давом этаётган “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари доирасида пойтахт Тошкент шаҳри марказида жойлашган “Халқлар дўстлиги” санъат саройи ёнидаги майдонда ҳарбий ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтади.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилаётган фестиваллар 11, 12, 13 ва 14 январь кунлари соат 14.00 дан 18.00 га қадар ўтказилади.

Тадбирларда таниқли эстрада хонандалари ва ҳарбий санъаткорлар томонидан концерт дастурлари, ҳарбий техника ва қурол аслаҳа намуналарининг намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид