Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Ҳужжатда Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этишда фан ва инновацион технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланмаслик натижасида лойиҳалаш, реставрация-тиклаш ишлари моддий маданий мерос объектларининг ноёблигини сақлаб қолишга салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилган.

Қарор моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштириш мақсадида қабул қилинмоқда ва қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси ҳамда унинг минтақалараро (минтақавий) давлат инспекциялари негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос департаменти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилмоқда.

Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек, улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
  • тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;
  • алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;
  • археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек, археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;