Китоб жуда узоқ йиллар маълумот сақлаш, тарқатишда етакчи бўлган ва ҳамон кўп жиҳатдан шундайлигича қолмоқда. Дунёдаги кутубхоналар илм-маърифат маскани, ахборот макони ҳисобланади ва уларда энг оммабоп ҳамда дурдона асарлар сақланади. Бугун эътиборингизга энг кўп нусхада чоп этилган ва сотилган китоблар рўйхатини тақдим этамиз. Албатта, уларнинг кўпчилиги ўзбек китобхонларига ҳам яхши таниш.

Дунёдаги энг кўп нусхада тарқатилган китоб шубҳасиз Инжил ҳисобланади. Қадимийлиги, насронийлар сонининг кўплиги ва узоқ йиллар бу дин етакчи бўлганлиги, тарғиботга алоҳида эътибор қаратилганлиги туфайли Инжил маълумотларга кўра турли йилларда, тилларда ва шаклларда 6 млрд нусхада чоп этилган деб ҳисобланади. Ҳар сонияда дунёнинг қайсидир бурчагида камида бир нусха Инжил чоп этилади ва ҳозиргача бу китоб 2000 дан ортиқ тилларга таржима қилинган. Энг қизиғи бу китобда “ўғирлама” дея хитоб қилинган бўлсада, Инжил энг кўп ўғирланувчи китоблар орасида ҳам етакчи.

Кейинги ўринни Муқаддас Қуръони Карим эгаллайди.

Инсон томонидан ёзилган китоблар орасида яққол етакчи Мао Цзедуннинг сиёсий ва мафкуравий цитаталар тўплами ҳисобланади. Мажбурий тарзда ўқитилиш жорий қилинган бу тўплам турли йиллар давомида 900 млн нусхадан кўпроқ чоп этилган.

Аммо бугун биз эътиқод юзасидан ёки сиёсий тарғибот важидан тарқатилган китобларни эмас, айнан бозор талабига кўра чоп этилган ва эркин тарзда харид қилинган китоблар ҳақида маълумотлар тақдим этамиз (рақамлар тақрибан, сабаби бу китобларнинг муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаган нусхалари ҳам кўп чоп этилган):

10. Наполеон Хилл, “Ўйла ва бой бўл” (1937) — 75 млн нусха.

Бу китоб муаллифнинг 20 йил давомидаги меҳнатидир. Журналист Хилл 1917 йилда етакчи ишбилармонларнинг омад формулаларини ёритиш бўйича буюртма олади ҳамда узоқ йиллар давомида 500 дан ортиқ бадавлат кишилар билан суҳбатлашади. Шундан сўнг уларнинг энг илғор фикрларини жамлаб, ўз хулосаларига кўра “Ўйла ва бой бўл” асарини ёзади ва бу китоб дарҳол муваффақият қозонади. Кейинчалик муаллиф “Омад қонунлари”, “Бойлик калити” каби асарларини ҳам тақдим этади.

9. Дэн Браун “Да Винчи сири” (2003) — 85 млн нусха. 

Тарихнинг сир-асрорларини очишга уринган бу китобнинг ўзи ҳам, у асосда ишланган фильм ҳам улкан муваффақиятга эришди. Кейинчалик муаллиф “Фаришталар ва иблислар” асарини ҳам ёзади.