Бугун, 22 декабрь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон олимпия терма жамоасини бошқаришга асосий номзод мураббий Любинко Друлович билан учрашди. Учрашувда сербиялик мутахассиснинг ёрдамчилари Завиша Милославлевич ва Небойса Топалов ҳам иштирок этишди.
Аҳмаджонов мураббийларга 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш асосий мақсад экани, бунинг учун ЎФА зарур шароитларни яратиши, олимпия термасининг асосини шакллантириш ишлари аллақачон бошлаб юборилганини маълум қилди.

«Сербиялик мураббий Любинко Друлович Ўзбекистонга ташриф буюрганидан бениҳоя хурсанд эканини билдирар экан, ўзбек футболи билан яқиндан таниш эканини, хусусан, ўзбекистонлик ёшларнинг шу йил Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида қандай ўйин намойиш этишгани ва чемпионга айланишганидан хабардор эканини айтиб ўтди. Агар мутахассисга Ўзбекистон олимпия терма жамоаси топшириладиган бўлса, жамоа олдига қўйилган асосий мақсад - Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш учун астойидил меҳнат қилишга тайёр эканини ҳам таъкидлаб ўтди», – дейилади ЎФА хабарида.

Қайд этилишича, ҳозир Друлович билан музокаралар сўнгги босқичга етиб келган.
Досье: Любинко Друлович
Фуқаролиги: Сербия
Туғилган санаси: 11 сентябрь 1968 йил (50 ёш)
Мураббийлик даражаси: УЕФА "ПРО" дипломи эгаси (2007 йил)
Энг катта ютуғи: Сербия U-19 терма жамоаси билан Европа чемпионатида ғолиб чиққан.
Мураббий сифатида эришган ютуқлари:
1. Ангола Суперкубоги ғолиби – "Агосто" ФК, 2010-2011
2. Европа U-19 чемпионати ғолиби – Сербия, 2013
3. "Партизан" ФК билан Европа лигаси иштирокчиси – 2015-2016
4. БАА U-19 билан финал қисмига йўл олган – 2017.

















