Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов, вилоят ва шаҳарнинг бошқа фаоллари 22 декабрь куни вилоят марказидаги 4-оилавий поликлиниканинг янги биносини очиб беришди.


Очилиш маросимида Э.Турдимов мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган амалий чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда туб ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Таъкидлаш лозимки, вилоятда жорий йилнинг ўзида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури асосида замон талабларига мос 17та даволаш-профилактика муассасалари фойдаланишга топширилди. Ушбу муассасаларнинг қурилиши, уларни зарур тиббий ускуналар билан таъминланиши ва жиҳозланиши учун давлат бюджетидан 12 млрд. сўм маблағ сарфланди. Шу аснода Инвестиция дастури асосида Самарқанд шаҳрида 5та даволаш-профилактика муассасалари қурилди ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. 4-оилавий поликлиника шулардан биридир.

— Муассасамиз 1954 йили катталар поликлиникаси сифатида иш бошлаган, — дейди тиббиёт маскани бош врачи Тўлқин Сувонов. — Муассасанинг эски биносида зарурий тиббий хизмат учун етарли шароит йўқ эди. Унинг қуввати ҳам атиги 110та қатновга мўлжалланган эди. Ваҳоланки, муассасамиз шаҳардаги 25 маҳаллада яшовчи 45 минг аҳолига бирламчи санитар-тиббий хизмат кўрсатарди. Янги бинода барча имкониятлар муҳайё қилинган. Қуввати қарийб икки бараварга ошиб, кунига 200 қатнов амалга ошириш имконияти яратилди.
Шунингдек, Э.Турдимов шу куни шаҳардаги нодавлат мактабгача таълим муассасаларини фойдаланишга топшириш маросимларида ҳам иштирок этди.
Улардан биринчиси Нодирабегим кўчасида жойлашган Kinder City нодавлат мактабгача таълим муассасаси бўлди. Муассаса раҳбари Нилуфар Дўсанованинг айтишича, мазкур болалар боғчасида 7та гуруҳда (уларнинг ҳар бирида 18тадан жой бор) 100дан зиёд жажжи болакайлар тарбияланиши мумкин. Айни кунда боғча ўз бағрига 20 нафар болакайни қабул қилган.


























