Ҳуқуқий ҳужжатлар инсон манфаатига хизмат қилади ёки аксинча, эркин ҳаракатланишга тўсиқ бўлиши ҳам мумкин. Жаҳон тажрибасида деярли барча мамлакатлар қонунчилигида айбсизлик презумпцияси (айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас) мавжуд. Хўш, Ўзбекистон қонунчилигида вазият қандай? Айбсизлик презумпциясига амал қилинмоқдами?
Қоидалар жонли яшаши учун, аввало, қонунчиликнинг ўзида айбсизлик презумпциясига зид келмайдиган тартиб белгиланиши лозим. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексининг 297-моддасида жиноят сабабларини бартараф этиш ва олдини олиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор тегишли органлар (шахснинг иш жойи, маҳалласи)га тақдимнома киритиши айтилади. Ҳали суд томонидан шахснинг ҳаракат ё ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилмай, жиноятни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилиши сўралади. Табиийки, саволлар пайдо бўлади: тергов органининг бундай тақдимномани киритиши айбсизлик презиумпциясига зид келмаяптими?
Тошкент Давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткир Холмирзаевнинг айтишича, айбсизлик презумпцияси умумҳуқуқий норма бўлиб, унга амал қилиш жиноят процессининг барча босқичларида устувор ҳисобланади.
«Аслида, жиноятларнинг олдини олиш жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг асосий вазифаларидан ҳисобланмаса-да, ЖПКда жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби жиноятларнинг олдини олишга ёрдам қилмоғи лозимлиги кўрсатилган.
Тақдимнома фақатгина жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан киритилади. Мантиқан олиб қаралганда, жиноятнинг зарурий белгиси сифатида шахснинг айби исботланиши билан жиноят (жиноий ҳолат эмас) содир этилганлиги эътироф этилади. Бу эса суд ҳукми билан тасдиқланади. Демак, суд ҳукми бўлмасдан туриб жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этишни сўраш нотўғридай кўринади.
Масалан, шахс фирибгарлик жиноятида айбланяпти, терговчи у яшайдиган маҳаллага фирибгарлик жиноятнинг сабабларини, шарт-шароитларни бартараф этишни сўраб тақдимнома киритди, дейлик. Маҳаллада ушбу ҳолат муҳокама этилади, одамлар фирибгарлик ҳолатидан огоҳлантирилади. Бироқ судда шахснинг айби исботланмай, терговчи фирибгарлик, деб малакалаган қилмишни суд қарз муносабати, деб топса-чи? Умуман судланувчининг айби бўлмай, у оқланса-чи? Оқибатда судланувчи шахснинг яшаш жойида шарманда бўлгани қолди, шаъни-қадр қиммати камситилди. Баъзида, ҳатто тақдимномадан келиб чиқиб айрим ходимларга интизомий таъсир чоралари қўллаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бунда судгача иш юритишдаги тақдимнома тартибининг айбсизлик презумпциясига зид қўлланилишини кўриш мумкин. Тақдимнома киритилгандан кейин ташкилотлар уни ижро этишда шахснинг кейинги тақдири ҳақида ҳам чуқур ўйлашлари керак», - дейди у.
















