Ривоятга кўра, қадимда бир бой бўлган экан. Унинг нафси кучли бўлиб, кўнгли тусаган нарсадан татиб кўраркан. У яшаган қишлоқда бир сирли кўл бор экан. Кўлда балиқ кўп, лекин балиқлар бир кун заҳарли, бир кун заҳарсиз бўларкан. Бироқ қайси куни заҳарсиз бўлишини кимса билмас экан. Нафсига қул бўлган бой шу балиқдан егиси келибди. Хизматкорига туттириб балиқни пиширтирибди. Ейишга келганда ҳаёти кўз олдидан ўтиб ўйланиб қолибди. Шу вақтда уйи эшигини тиланчи тақиллатибди. Бой ўзича у еса, тирик қолса, кейин балиқни ейман деб унга пиширилган балиқдан берибди. Тиланчи раҳмат айтиб йўлда давом этибди. Овози узоқ вақтгача эшитилиб турганидан сўнг, бой гадо ўлмади, энди еса бўлади деб балиқни паққос туширибди. Бир оздан сўнг, эшик тақиллабди. Бой эшикни очибди. Остонада тиланчи турарди.

«Нега келдинг?», - деб ҳайрон бўлиб сўрабди.

«Мен балиқни ўзинг еган-емаганингни билиш учун келдим. Агар улар заҳарсиз бўлса, уларни емоқчи эдим», - деб айтибди.

Шу вақтда заҳар танага тарқаб бой тил тортмай ҳалок бўлибди.

Орамизда шундай инсонлар борки, нафси йўлида дин ва қонун тақиқлаган ишларни қилишдан ҳам қайтмайди. Энг разил, дўзах ваъда қилинган ишларни қилишдан ҳам тап тортишмайди. Ундайлар ҳатто эсини танимаган, улғаймаган болаларга баччабозлик қилишдан ҳам қайтмайди. Kun.uzʼга шу ҳақда мурожаат келиб тушди. Бориб масалани атрофлича ўргандик. Бу шахс кимлиги, нега бу ишни қилгани, ифлосликка мойиллик қандай пайдо бўлгани ва бошқа саволларга изоҳлар олдик.

Видео: Mover

Видео: Youtube

Маълум бўлишича, у ўсмирлик ёшида бобосининг яқин дўсти бўлган бир китоб сотувчи томонидан жинсий алоқага ундалган. Бу иш ҳиссиётлари энди ривожланаётган болага ёқиб тушади. Бу ҳолат бир неча бор такрорланади. Кейин тўсатдан бу ишни бас қилишади.

Д. исмли бу шахс улғайиб оила қуради. Фарзандлари туғилади. Афсус, ўрганган дил ўртанса қўймас деганларидек, бу ишни яна такрорлайди. Ёшлигида Қуръони карим маъноларини тушунмай кўр-кўрона ёдлайди. Шу илмидан фойдаланиб, 2003 йилда ноқонуний ҳужра ташкил этади. Ёш болаларга дарс бера бошлайди. Ўзининг тушунтиришича, бу ҳолат йиллар давомида бир неча марта такрорланган. Болаларнинг аксарияти бир марта шу ҳолат бўлганидан сўнг дарсларга қайтмаган. Қўрқиб ҳеч кимга айтишмаган. Ўтган йиллар давомида бу шахс ноқонуний ҳужра сабаб бир неча бор маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган.