Президентнинг 2018 йил 29 мартдаги фармонига асосан мамлакат ҳудудида “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилмоқда. Дастурнинг мақсади қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш ҳисобланади. 

Тошкент вилояти Чиноз тумани “Тонг юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Тожик овул” маҳалласи узоқ йиллар давомида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаганлиги натижасида жуда ҳам абгор ҳолга келиб қолган эди. 

248 та хонадон жойлашган маҳаллада қисқа вақт ичида аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, йиллар давомида ҳал бўлмаган ичимлик суви муаммоси бартараф этилди. Ҳозирда у ерда 90 нафар шахс доимий иш ўрни билан таъминланди. Уйда ишламоқчи бўлган аёлларга тикув машиналари олиб берилди. Бундан ташқари, аҳолига уй шароитларида тадбиркорлик қилиш имкониятини яратиш учун товуқ, қуёнлар тарқатилди. Иссиқхона ташкил этиш мақсадида юрган фуқароларга тегишли ёрдам кўрсатилди.

Қишлоқ қанча обод бўлмасин аҳолининг турмуш маданиятини кўтариш, боқимандалик кайфиятидан халос бўлмас экан, вақт ўтиб яна абгор ҳолга келиб қолиши тайин. Шу сабабли Адлия вазирлиги томонидан дастур доирасида мутасадди ташкилотлар билан “Обод қишлоқ маданияти” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мақсади аҳолининг дунёқарашини ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш олиб борилаётган ишларга дахлдорлик ҳиссини пайдо қилишдир.

Шу мақсадда 2018 йилнинг  25-26 декабрь кунлари Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан “Тожик овул” маҳалласида “Ҳуқуқий ахборот кунлари” номли тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида вилоят, туман ҳамда мутасадди жамоат ташкилотлари (адлия, давлат хизматлари маркази, ҳокимият, ФҲДЁ, нотариус, адвокатлар, давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва бошқалар) вакиллари томонидан фуқаролар “Сайёр қабул”и ташкил этилди. “Сайёр қабул” давомида ўнлаб фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.