Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими томонидан якка тартибдаги тадбиркорларга оид солиқ ўзгаришлари эълон қилинди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб бир календарь йилда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми миқдорига қараб, жумладан:

100 млн. сўмгача, қатъий белгиланган солиқни;

100 млн. сўмдан 1,0 млрд. сўмгача ташкил этганда, 4 фоизлик ставкада ягона солиқ тўловини;

1,0 млрд. сўмдан ошганда юридик шахслар томонидан тўланиши назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайдилар.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини амалга ошириш доирасида қуйидаги солиқ ва тўловларни ҳам тўлайдилар:

1) божхона тўловлари;

2) ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар;

3) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ — сув ресурсларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда;

4) акциз солиғи — акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарилганда;

5) ягона ижтимоий тўлов;

6) давлат божи;

7) автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим.

Қатъий белгиланган солиқ – амалга оширилаётган фаолият тури ва ҳудудига қараб, белгиланган қатъий солиқ суммаси миқдорида фаолият юритаётган ойнинг 10-санасига қадар маҳаллий бюджетга тўланади.

Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар қатъий белгиланган солиқни фаолиятнинг ҳар бир тури учун мазкур турдаги фаолиятга нисбатан белгиланган ставкалар (сумма) бўйича алоҳида-алоҳида тўлайдилар.

Бир календарь йил давомида товарлар (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми белгиланган миқдордан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар қонун хужжатларида белгиланган миқдор ошган ойнинг кейинги ойидан бошлаб ягона солиқ тўлашга ўтади.