Олий таълим тизимида ўқитувчилар маошидан мажбурий обунага ушлаб қолиш ва талабалардан пул йиғиш қатъиян ман этилмоқда
Хатда профессор-ўқитувчиларнинг мақоми ва обрўсини ошириш мақсадида уларнинг турли назорат органлари томонидан текширилишини чеклаш, турли тааллуқли бўлмаган йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияларига ва ваколатлари доирасидан ташқаридаги бошқа ишларга жалб қилиш мамлакат раҳбарияти томонидан тақиқлангани эслатиб ўтилган.
Шунга қарамай, айрим олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим тизими ходимларининг ва уларда таҳсил олаётган талабаларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳанузгача мавжудлиги амалга оширилаётган ислоҳотларга зид, дейилган.
Хусусан:
· Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мажбурий обуна тақиқланганига қарамасдан, айрим олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида турли нашрларга мажбурий обуна ташкил этиш ва пул йиғиш ҳаракатлари;
· Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан ташқари асосларда ташкил этиладиган ҳашарларга профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабаларни жалб этиш;
· Таълим муассасаларида ташкил этилган спорт клубларини сақлаш учун талабалардан турли йиғимларни амалга ошириш каби юз бераётган ноқонуний ҳаракатлар оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар мурожаатлари орқали вазирликка етиб келаётгани қайд этилган.
Шу муносабат билан Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов ўз хатида қуйидаги талабларни илгари суради:
1. Юқорида таъкидлаб ўтилган масалаларни олий таълим муассасаси ва унинг қуйи таълим муассасалари (малака ошириш марказлари ва академик лицейлар) фаоллари иштирокида муҳокама қилиш;
2. Таълим муассасаларида меҳнат қилаётган ходимларни мажбурий обуна қилиш ва пул йиғиш, Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан ташқари асосларда ташкил этиладиган ҳашарларга жалб этиш ва ҳар қандай асоссиз ойлик маошидан ушлаб қолишлар, турли тадбирларни (ўқув, илмий, спорт, маданий ва бошқа) ташкил этиш учун талабалардан пул йиғимларни амалга ошириш ман этилади.
3. Ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган мутасадди ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Kun.uz мазкур масала бўйича олийгоҳлардан бирида фаолият кўрсатиб келаётган ўқитувчига мурожаат қилганида, «вазирлик тақиқлайди, маҳаллий ҳокимлик «қиласан» дейди, қай бирига бўйсунишни билмай ҳайронмиз», деган жавобни берди.
Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими тизимидаги таълим муассасалари асосий фаолиятига маҳаллий ҳокимликларнинг аралашуви кескин қисқартирилган. Жумладан, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқларига тегишли хат йўллаб, унда маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим муассасалари раҳбарлари ёки ўқитувчиларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга, турли йиғилишга, тадбирларда зални тўлдириш учун «томошабин» сифатида жалб этилиши, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий бошқармалар томонидан ҳар хил нашрдаги газета ва журналларга мажбурий обуна, коммунал тўловлар учун ойлик иш ҳақидан олиб қолинишини ёки бошқа ноқонуний бадаллар йиғилишини қатъиян тақиқлаган эди.
Мавзуга оид
18:52 / 20.11.2023
Боғдод тумани ҳокими ўринбосари обуна режасини бажармаган коллеж директорини калтаклади
08:28 / 04.11.2023
Суд тизими ходимлари мажбурий обунага тортилмоқда
22:42 / 01.12.2022
«Ихтиёрий» деган тўн кийдирилаётган мажбурий обуна
18:22 / 24.08.2022