Шу йилнинг ноябрь ойи бошида Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги уч эгизак дунёга келган хонадон муаммолари ҳақида ёзилган эди.

Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ қишлоғида яшовчи Хидировлар оиласига Яратган жуда катта неъмат ато этди. Шу йилнинг 14 июнь куни оилада бирданига уч чақалоқ дунёга келди. Бир ўғил фарзандни катта қилаётган Бахтиёржон ва Диёрахон яна уч ўғилли бўлишди. Учаласи ҳам соғлом ҳолатда дунёга келди. Уларга, яхши ниятда Иззатбек, Исломбек, ва Имронбек исмларини қўйдилар.

Оилада одатий ҳолда туғилган бир чақалоқни ҳам катта қилиб олиш машаққатли жараён. Ота-она, қариндош-уруғ унинг атрофида парвона бўлиб парвариш қилишади. Эгизак фарзанд туғилса, уларни оёққа турғизиш унданда қийин.

Бирданига уч фарзандли бўлиш қувончли бўлиши билан биргаликда ўзига хос машаққат ҳамдир. Онанинг кўкрак сути уч чақалоққа  етмайди. Ҳар куни озуқа сотиб олиш керак. Таглик, дори-дармон дегандек. Учаласи бирин-кетин йиғлайди. Уларни парваришлашга онанинг жисмоний кучи етмаслиги кундек равшан. Ёрдамчи, кўмакчилар зарур. Ҳозир уч чақалоққа икки қуда томон «навбатчилик» йўли билан қарашмоқда.

Туман ҳокимлиги туғилиши халқ орасида шов-шув бўлган уч полвонга аравачалар ва 2 ёшгача бўлган бола тарбияси учун нафақа пули берилишини айтади. Лекин, бу ваъдалар ваъдалигича қолди.

Эҳ-ҳе.. Она туман ва вилоят ҳокимлигига неча марта ёзма ва оғзаки мурожаат қилмади, дейсиз…

Ҳатто, икки ёшгача бўлган болалар учун бериладиган нафақани ҳам бермадилар.

Уч эгизак парваришидек қийин ишни уддалаётган Диёрахон Хидирова ҳужжатларни расмийлаштириб МФЙга борди. Август ойида топширган ҳужжатларга 10 сентябрь куни ёзма жавоб хати кўринишида, турмуш ўртоғи давлат ишида ишлашини, ойлик маоши кўп эканлигини рўкач қилган ҳолда, комиссиядан ўта олмаганини айтиб, қўлига тутқазишади.

Танқидий мақоладан сўнг нима ўзгариш бўлди?