Жамият | 17:00 / 29.12.2018
4235
3 дақиқада ўқилади

Курсантлар ўртасида ўтказилган фан олимпиадаси ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида 2018 йилда ўтказилган фан олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган курсантларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Маросимда Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Азизбек Икрамов иштирок этиб, ўтган икки йил мобайнида Қуролли Кучлар тизимида ҳарбий кадрларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, олий ҳарбий таълим муассасаларида курсантларнинг соҳа бўйича мукаммал билим олишлари учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 5—29 ноябрь кунлари Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари ўртасида ҳарбий-касбий тайёргарлик, инглиз тили, информатика ва математика фанларидан олимпиада (иккинчи Республика босқичи) ўтказилган эди. Унда ғолибликни қўлга киритганлар 2019 йилнинг март—май ойларида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида фанлар бўйича ўтказиладиган курсантлар олимпиадасида қатнашади.

Фан олимпиадаларининг якуний натижаларига кўра, ҳарбий-касбий тайёргарлик бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин Қуролли Кучлар академиясига насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси банд этди. Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти курсантларидан иборат жамоа эса учинчи поғонани эгаллади.

Инглиз тили фани бўйича умумжамоавий ҳисобда:
1-ўрин — Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети;
2-ўрин — Қуролли Кучлар академияси;
3-ўрин — Олий ҳарбий авиация билим юрти.

Информатика фани бўйича ҳам ўринлар худди юқоридагидек тақсимланди. 

Математика фани бўйича эса кўрсатилган натижалар қуйидагича:
1-ўрин — Қуролли Кучлар академияси;
2-ўрин — Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти;
3-ўрин — Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факултети.

Тадбир давомида Мудофаа вазирининг буйруғига биноан фан олимпиадасининг яккалик баҳсларида ғолибликни қўлга киритган курсантлар ва жамоалар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Шунингдек, Академияда «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида III Параосиё ўйинларининг чемпион ва совриндорлари билан учрашув ўтказилди. 

Спортчиларимиз тадбир давомида сўзга чиқиб, ўзлари ҳақида ва шуғулланаётган спорт тури тўғрисида, шу билан бирга, қизиқишлари ҳамда келажакда забт этмоқчи бўлган марралари билан ўртоқлашди. Учрашув якунида спортчилар ва йиғилганлар ўртасида ўтказилган қизиқарли савол-жавоблар даврага янада файз бағишлади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид