Навбаҳор туманидаги ноқонуний қурилишлар. Муаммо ечим топиши нимага боғлиқ?
Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги «Қалқон ота» маҳалласида истиқомат қилувчи Г.Турдиевадан мурожаат келиб тушди.
«Биз яшайдиган Мустақиллик кўчасида айрим хонадон эгалари томонидан амалга оширилган ноқонуний қурилишлар туфайли йўллар тор ҳолатга келиб қолган. Ёғингарчилик кунларда лой ва тор йўлда ҳаракатланиш қийинлашади. Бу кўчага техника воситалари киришига ҳам имкон йўқ. Бу кўплаб ноқулайликлар туғдиради. Ушбу ҳолат юзасидан неча йиллардан буён тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Туман мутасаддилари келиб вазиятни бир неча марта ўрганишди. Ҳолатни тасдиқлаб, чора кўришга ваъда бериб кетишади. Аммо мурожаатимиз 7 йилдан буён ижобий ечим топмаяпти», – дейилади мурожаатда.
Ушбу мурожаат жойида ўрганилди.
Ҳақиқатан ҳам мурожаатда ҳолати тасвирланган кўча айрим хонадон эгалари томонидан ноқонуний қурилган деворлар натижасида тор ҳолатга келиб қолган. Баъзи деворлар нураб, хунук манзара ҳосил қилган.
Г.Турдиева хонадони ёнидан қад кўтарган девор аввал мавжуд бўлган ариқ устига қурилган. Бу ҳолат ҳам ҳақли эътирозларга сабаб бўлган. Мурожаатчининг айтишича, шу орқали қўшни хонадонлар эгалари томонидан йўлнинг бир қисми эгаллаб олинган.
Мурожаатчи уйнинг кадастр ҳужжатлари ва чизмаларини тақдим этди. Деворлар чиндан ҳам ноқонуний қурилган. Тегишли ташкилотлар томонидан ҳолат етарлича ўрганилмаган. Ўрганилган бўлса-да, масала ўз ечимини топмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан Навбаҳор тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашдик. Бизни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Баҳром Раҳмонов қарши олди. Мазкур низоли вазият юзасидан туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Азиз Хўжаев изоҳ берди.
«Бу масаладан хабаримиз бор. Г.Турдиева бу ҳолат юзасидан бир неча марта мурожаат қилган. Албатта, эътироз ўринли. Аммо қишлоқда бу каби ноқонуний қурилишлар кўп. Қурилишлар тегишли тартибда лойиҳалаштирилмаган. Шу туфайли бу каби муаммолар юзага келган. Аммо бу муаммолар яқинда ўз ечимини топади. Сабаби, «Қалқон ота» қишлоғи 2019 йилги «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Дастур асосида бош режа тасдиқланган. Унга кўра, барча ноқонуний қурилишлар бузилади. Йўллар кенгаяди», – дейди А.Хўжаев.
Навбаҳор тумани ҳокимлиги томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан ушбу қишлоқ ҳақиқатан ҳам дастурга киритилганига гувоҳ бўлдик.
Аммо бу муаммо бир неча йилдан буён ижобий ечим топмай келган. Бу каби масалалар ҳал бўлиши учун қишлоқ «Обод қишлоқ» дастурига киритилишини кутиш шартмиди? 2019 йилда мабодо «Қалқон ота» эмас, бошқа қишлоқ дастурга киритилганда, муаммо яна қанча вақт ўз ечимини кутарди?
Туман ҳокимлиги мутасаддилари бу каби муаммолар бўйича жиддий бош қотириши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда бошқа қишлоқларда бундай масалалар ҳал бўлиши учун фуқаролар ўз қишлоғи «Обод қишлоқ» дастурига киритилишини кутишдан бошқа чораси қолмайди.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:34 / 11.12.2024
Қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур — Конституциявий суд
20:29 / 27.11.2023
3 йилга бормаган иссиқхоналар: Навоийда 24 млрд сўмлик лойиҳа барбод бўлди
12:55 / 13.01.2023
Навоийда чорва молларига бўрилар ҳужум қилмоқда. Юзлаб қўйлар нобуд бўлган
22:35 / 29.07.2022