Жаҳон | 17:32 / 30.12.2018
8608
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Жанубий Корея етакчисига хат йўллади

Фото: REUTERS

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жанубий кореялик ҳамкасби Мун Чжэ Инга хат йўллади. Унда КХДР етакчиси Жанубий Корея президентига келгуси йилда қўшма саммитларни кўпроқ ўтказишни таклиф қилди. Шу тариқа Ким Чен Ин Корея ярим ороли денуклеаризацияси билан боғлиқ мақсадларга тезроқ эришишга умид билдирди. Yonhap агентлиги Мун Чжэ Ин маъмурияти баёнотига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Шунингдек, Ким Чен Ин Мун Чжэ Инни минтақада тинчлик ва фаровонликни сақлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирди. "Жорий йилда икки Корея етакчилари мамлакатлар ўртасидаги кўп йиллик   адоватни бартараф этиш ҳамда бизнинг миллатимизни ҳарбий босим ва хавфлардан халос қилишга доир амалий чораларни қабул қилишди", - дея Шимолий Корея етакчисининг сўзларини келтиради Кўк уй вакили Ким Юи Кеом. 

Ўтаётган йилда Жанубий ва Шимолий Корея етакчилари узоқ йиллик зиддиятлардан сўнг уч саммит ўтказишди. Ким Чен Ин ўз мактуби билан икки мамлакат ўртасидаги вазият юмшаганини яна бир бор қайд этди, деб ҳисоблайди Reuters

Мун Чжэ Инга йўлланган хатда Шимолий Корея етакчиси бу йил Сеулга ташриф буюра олмаганидан афсусда эканини баён қилган. Томонлар сентябрь ойида Пхеньянда бўлиб ўтган охирги, учинчи саммитда шунга оид келишувга эришишди. Ким Чен Иннинг ишонч билдиришича, келгусида у албатта Жанубий Корея пойтахтига ташриф буюради. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид