Доналд Трамп АҚШ Мудофаа вазирлигига 17 август куни бошланган АҚШ ва Жанубий Кореянинг Ulchi Freedom Shield («Улчи — Озодлик қалқони») қўшма ҳарбий машғулотларида Америка томони иштирокини чеклаш бўйича кўрсатма берди.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида машғулотлар кўламини «сезиларли даражада» қисқартириш ниятида эканини маълум қилди. Унинг фикрича, бундай машғулотлар катта харажат талаб қилади ва Пхенянга «мутлақо ўринсиз ва душманона сигнал» юборади.

АҚШ президенти Шимолий Корея унга нисбатан таҳдидкор эмас, балки «ҳурмат билан» муносабатда бўлганини ҳам таъкидлади. Шунингдек, Трамп Ким Чен Инга тинчлик ўрнатишни таклиф қилганини маълум қилди.

Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари эса 14 августдаёқ «Улчи — Озодлик қалқони» машғулотларини «ҳарбий босқин репетицияси» деб атаган эди. Оқ уй маълумотига кўра, Ким Чен Ин Трампнинг тинчлик музокараларини қайта бошлаш таклифига ижобий муносабат билдирган.

Ҳарбий машғулотларни қисқартириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Сеулдаги Ихва аёллар университети халқаро тадқиқотлар профессори Лейф-Эрик Исли АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма мудофаа машғулотлари икки мамлакат қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини сақлаш учун муҳимлигини таъкидлади.

Унинг фикрича, машғулотлар кўламини қисқартириш АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари ўртасидаги мувофиқлашувга салбий таъсир қилиши ҳамда инқироз ёки ҳарбий можаро шароитида қарор қабул қилиш жараёнини секинлаштириши мумкин.

Эксперт, шунингдек, машғулотларни қисқартириш орқали тежаладиган маблағ катта бўлмаслигини қайд этган. Айни пайтда, унинг фикрича, Трампнинг Пхенян билан муносабатларни яхшилашга қаратилган уринишлари ҳозирча оптимизм учун етарли асос бермаяпти.

Исли Ким Чен Ин Вашингтон ва Сеулнинг музокараларни тиклаш таклифларига қай даражада қизиқиш билдираётганига ҳам шубҳа билан қарамоқда. Унинг фикрича, Шимолий Корея ўзининг кенг кўламли ядровий дастуридан воз кечиш ниятида эмас.

Эксперт Пхенян Россиянинг Украинага қарши уруши шароитида Москва билан алоқаларидан ўз ҳарбий имкониятларини кучайтириш учун фойдаланаётганини ҳам таъкидлади.

Кузатувчиларга кўра, Шимолий Корея дастлаб Россияга ўқ-дори, жумладан, артиллерия снарядларини етказиб берган. Кейинчалик эса бир неча минг шимолий кореялик ҳарбий Россияга юборилиб, Курск вилоятидаги жангларда қатнашган. Бунинг эвазига Пхенян Москвадан молиявий ёрдам ва мудофаа саноати учун илғор технологиялар олаётгани тахмин қилинмоқда.