Иқтисодиёт | 14:16 / 04.01.2019
12053
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиётда давлат аралашуви янада камайтирилади

Фото: Pinterest

Иқтисодиётда давлат иштирокининг мақсадини белгилаш ва давлат аралашувини янада камайтириш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида айтилади.

Ҳужжатга кўра 2019 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва давлат корхонасини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш мақсадларини белгилаш;

белгиланган мақсадларга мувофиқ бўлмаган давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни тақиқлаш;

монополияга қарши органнинг ижобий хулосасисиз давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш амалиётига чек қўйиш;

давлат иштирокидаги барча корхоналарни белгиланган мақсадларга мувофиқлигини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳини тузиш;

хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида пахта тозалаш, ун, ёғ-мой, гўшт-сут, озиқ-овқат саноати ва бошқа шу каби рақобат мавжуд бўлган соҳалар корхоналаридаги давлат улушини сотиш назарда тутилади.

Ижро учун масъуллар - Давлат рақобат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид