Ўзбекистон | 15:14 / 05.01.2019
61889
3 дақиқада ўқилади

Президентнинг Германияга ташриф санаси маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20-22 январь кунлари Германия Федератив Республикасига ташриф буюради. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Кутилаётган ташрифга тайёргарлик кўриш мақсадида, 2018 йил 8 ноябрь куни Берлин шаҳрида ҳукумат делегациясига раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас билан учрашганди. Улар «Ўзбекистон - Европа Иттифоқи» шаклидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиб, Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтишган. 

Шунингдек, Абдулазиз Комилов Берлин шаҳрида Германия канцлерининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ян Ҳеккер билан ҳам учрашганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Aфғонистон бўйича Маxсус вакили Исматулла Эргашев эса Германия Федератив Республикаси ҳукуматининг Aфғонистон ва Покистон бўйича маxсус вакили Маркус Поцел билан учрашганда, «​Мозори-Шариф – Ҳирот»​ темир йўл магистралини, «​Сурxон – Пули-Xумри»​ электр узатиш линиясини, турли узунликдаги автомобил йўлларини ва Aфғонистондаги бошқа инфраструктура объектларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш учун молиявий манбаларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. 

Учрашув давомида Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган таълим йўналишидаги лойиҳаларда, жумладан Термизда ташкил этилган Aфғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳамда Aфғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш xалқаро фонди фаолиятида Германия томонининг иштирок этиши муҳимлиги қайд этилган.

Илк бор, Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар сабабли Ўзбекистон-Германия дўстлиги янги суръат олганлигига алоҳида тўхталиб ўтганди. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил январь ойида Германияга ташрифи давомида канцлер Ангела Меркель ва ГФР федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан бўлиб ўтадиган музокаралар ҳам элчи томонидан айтиб ўтилганди.

2018 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 13 фоизга ўсган. Статистик маълумотларга кўра, у 526 миллион долларни ташкил қилади. ​

Мавзуга оид