Ким Чен Ин анъаналарга зид равишда жамоат жойларида ўз рафиқаси билан кўриниш беради. Шимолий Корея раҳбари Пекинга ташрифида ҳам истисно қилмади - зирҳли поездда Кимга Ли Сол Чжу ҳамроҳлик қилди. Би-Би-Си унинг рафиқаси ҳақида материал тайёрлади.

КХДРнинг биринчи хоними аслида ким?

Фото: EPA

У ҳақида батафсил маълумотлар йўқ, учраган айрим маълумотларни ҳам текшириб бўлмайди.

У илк бор телеканалларда 2011 йилда кўриниш берган - у Ким Чен Ирнинг дафн маросими вақтида Ким Чен Иннинг ёнида турган. Ўшанда ҳеч ким, жумладан, Америка ва Жанубий Корея махсус хизматлари ҳам унинг кимлигини билишмасди.

Кейинги бир йил давомида у Ким Чен Иннинг синглиси ёки унинг бошқа қариндоши деган тахминлар сақланиб қолди. Жанубий Корея разведкасидагилар ушбу аёл «Почхонбо» ансамблидаги солист - Хён Сон Воль экани ҳақида маълумот ҳам тарқатганди.

Бошқа маълумотларда Ли Соль Чжу 2005 йилда енгил атлетика бўйича Осиё чемпионати вақтида шимолий кореяликлар делегацияси билан Жанубий Кореяга келгани айтилади. Бу маълумотни текшириш ҳам имконсиз.

Унинг Ким Чен Ин билан никоҳи ҳақида Шимолий Кореядаги нашрларда 2012 йилнинг июлида ёзилган. Кейинроқ жанубликлар разведкаси бу жуфтлик 2009 йилдаёқ турмуш қуришганини аниқлаган.

Янги мақом

Фото: Getty Images

2018 йил ёзида Шимолий Кореянинг расмий матбуоти уни шунчаки ўртоқ Ли деб аташни бас қилди ва у «Ҳурматли биринчи леди» деб атала бошланди.

Унинг асл исми Ли Сол Чжулиги аниқ эмас, шимолликлар династиясида исмларни ўзгартириш анъанаси бор.

Кимлар сулоласи асосчиси, Ким Чен Иннинг бобоси Ким Ир Сенни туғилганида Ким Сон Чжу деб аташган. Кейинроқ у ўзига инқилобий ном танлаган - «Кўтарилаётган қуёш».

Унинг ўғли Ким Чен Ир айрим маълумотларга кўра Сибирда туғилган. Совет ва хитой манбаларига кўра, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига Юрий Ирсенович Ким деб исм қўйилган. Шимоллик тарихчилар эса у Шимолий Корея ҳудудида, Пэктусан тоғидаги партизанлар лагерида дунёга келганини ёзади.