8-11 январь кунлари Лас-Вегасда CES 2019 кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг йирик компаниялари ўзларининг сўнгги технологик ишланмаларини намойиш этди. Қуйида кўргазмада намойиш этилган айрим маҳсулотлар билан танишишингиз мумкин.
Procter&Gamble’дан «тери учун принтер»
Procter&Gamble CES кўргазмасида Opté қурилмасини намойиш этди. У теридаги муаммоларни автоматик режимда бартараф қилади. Бунинг учун қурилма юқори тезликда ишлайдиган камерадан фойдаланади: у ранги терининг бошқа қисмлари рангидан ажралиб турувчи тери қисмини қидириб топади ва ўша қисмга махсус крем суртади.
Opté сиёҳли принтер каби ишлайди, фақат унинг ичида сиёҳ ўрнига минерал ва намловчи воситалардан иборат тонал крем бўлади. Қурилма кремни фақатгина муаммоли жойга суртади. P&G компаниясидагиларнинг таъкидлашларича, ундан мунтазам фойдаланилганда теридаги нуқсонлар бутунлай йўқолиб кетади.
Samsung’дан модулли телевизор
Samsung The Wall деб номланувчи модулли телевизорни намойиш этди. У блоклардан иборат бўлиб, диагонали 219 дюйм бўлган прототип кўрсатилди, аммо назарий жиҳатдан у исталган ўлчамга эга бўлиши мумкин.
Телевизорнинг ҳар бир блоги ёруғлик диодларидан фойдаланувчи MicroLED технологияси асосида ишланган. The Wall тасвирни 8К-ўлчамда узата олади.
Ўраладиган LG телевизори
LG 65 дюймли OLED-экран билан жиҳозланган Signature телевизорини намойиш қилди. У худди қоғоз сингари ўралади. Тугмача босилиши билан экран бир неча сония ичида ўралиши ёки тикланиши мумкин.
Дисплей бир неча иш режимларига эга бўлиб, уни тўлиқ ўрамаслик ҳам мумкин. У ярмигача ўралган ҳолатда тасвирни 21:9 ҳажмда кўрсатади, энсиз тасма ҳолатида эса об-ҳавони кўрсатиши мумкин ёки плеер сифатида фойдаланса бўлади. Телевизор 2019 йил охирида сотувга чиқади.
Continental’нинг робот итлари
















