12-13 январь кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Самарқанд Форумлар саройида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж раислик қилди.

Ялпи сессияда Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Чингиз Айдарбеков, Бейбут Атамқулов, Сироджиддин Муҳриддин, Рашид Мередов икки ва кўп томонлама шаклларда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишди.

Тадбирда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инновация, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Делегациялар раҳбарлари нутқларида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини инобатга олган ҳолда ёшларга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилди.

Мулоқотнинг алоҳида ялпи сессиясида Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний бошчилигидаги делегация иштирок этди.

«Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокини маъқулладилар ҳамда мамлакатни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хизмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидлашди.

2019 йилнинг иккинчи ярмида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясини (RЕССА VIII) ўтказишга тайёргарлик доирасида ҳамкорлик қилишга томонлар ҳозир эканликлари тасдиқланди.

Делегациялар раҳбарлари Мулоқот иштирокчи давлатлари ишбилармон доиралари ўртасида бевосита алоқаларни фаоллаштириш, маданий тадбирлар, Афғонистон билан таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга улкан салоҳият мавжудлигида эътибор қаратдилар, халқаро ёшлар форумлари, фестиваллар, танловлар, илмий анжуманлар, кўргазмалар ва бошқа қўшма тадбирларда Афғонистон томонининг иштирок этишига кўмаклашиш истагини изҳор этдилар.