Бош прокуратура тадбиркорларни давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилди
|17:17 / 14.01.201922 00910 мин
Фото: 123RFФото: 123RF
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси «Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан назорат қилиш фаолияти тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини эълон қилди.
Қайд этилишича, Қонуннинг амал қилиши қуйидаги текширишларга татбиқ этилмайди:
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида;
коммунал хизматлар етказиб берилиши, истеъмоли ва улар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини ҳисобга олишнинг тўлиқ ва ҳаққонийлиги бўйича;
давлат муассасалари фаолиятини текшириш;
нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини текшириш (улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ҳолатлар бундан мустасно);
Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг доимий муассасалари ва ваколатхоналари фаолиятини текшириш;
тадбиркорлик субъектлари ва/ёки уларнинг муассислари ташаббуси билан ўтказиладиган текширишлар.
Давлат корхоналари фаолиятини текшириш бюджет ташкилотлари учун ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
Давлат назоратини амалга оширишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик;
тадбиркорлик субъекти ҳуқуқининг устуворлиги ва унга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва унинг давлат томонидан назорат қилиниши билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар ва ҳал қилиб бўлмайдиган зиддиятлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик, унинг барвақт олдини олиш ва профилактикаси самарадорлигини ошириш.
Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қуйидагиларга йўналтирилган профилактика чора-тадбирларини амалга оширади:
ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш;
уларнинг фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш;
Мавзуга оид
ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни бартараф этиш;
ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш;
Профилактик чора-тадбирлар назорат қилувчи органлар томонидан ўзлари тасдиқлайдиган чораклик манзилли дастурлар асосида ҳуқуқий ташвиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Профилактик чора-тадбирлар ўтказиш давомида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқбузарлик содир этилиши сабабларини ва уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни ўрганиб чиқиши шарт.
Профилактик чора-тадбирлар якунларига кўра назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ёки уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар берилади.
Профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш ва ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқий таъсир чоралар қўллашга йўл қўйилмайди.
6-модда - «Хавфни таҳлил қилиш» тизими. «Хавфни таҳлил қилиш» тизими тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида қонунчиликни бузиши хавфи даражасини давлат назоратининг тегишли соҳасидаги аниқ мезонлар асосида аниқлаш механизмини назарда тутади.
«Хавфни таҳлил қилиш» тизими, тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли назорат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш ҳолларини истисно қилганда, улар билан алоқага киришмасдан қўлланилади.
Назорат қилувчи органлар фаолиятига «хавфни таҳлил қилиш» тизимини жорий этиш мезонлари ва тартиби назорат қилувчи органлар томонидан ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда, ўзлари амалга оширадиган назорат хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланади.
Қуйидагилар тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текшириш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш учун асос бўла олади:
қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида «хавфни таҳлил қилиш» тизими натижалари.
Қуйидагилар тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти устидан текшириш ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш учун асос бўла олади:
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ ва божхона қонун ҳужжатларини мунтазам равишда (молия йили даврида икки ва ундан ортиқ марта) бузиш;
энг кам иш ҳақининг юз бараваридан ортиқ миқдорда солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланганда;
устав жамғармасида эллик фоиздан ортиқ давлатнинг улуши бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва божхона қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланганда.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш:
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда – ваколатли орган) билан келишилган ҳолда;
ваколатли органни хабардор қилиб қўйиш тартибида.
Ваколатли органни хабардор қилиб қўйиш тартибида ўтказиладиган текширишлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш назорат қилувчи органларнинг қонунда белгиланган тартибда аттестациядан ўтган ва текшириш ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳнома олган мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хизмат гувоҳномаси, текширишлар ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳнома ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина текширишларга қўйилади.
Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:
назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш ҳақидаги талабномаларининг асослантирилганлигини кўриб чиқади ва ўрганади;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказишга рухсат бериш ёки уни рад этиш, шунингдек, уларнинг муддатини узайтириш ёки кўчириш тўғрисида қарор қабул қилади;
назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назорат қилади;
назорат қилув қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради;
давлат назоратини олиб бориш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисоботлар олиб борилишини таъминлайди;
назорат қилувчи органларнинг давлат назорати ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш борасидаги фаолиятини баҳолайди ва унинг мониторингини олиб боради;
назорат қилувчи органлар томонидан давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти олиб борилишини таъминлайди.
Ваколатли органнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қарорлари назорат қилувчи органлар учун бажарилиши мажбурийдир.
Қуйидагилар ваколатли орган билан келишилган ҳолда текширишлар ўтказиш учун асос бўла олади:
ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган рухсатнома;
ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси билан келишилган ҳолда назорат қилувчи орган томонидан қабул қилинган ҳамда текширилаётган тадбиркорлик субъектининг номи ва почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами, назорат қилувчи органнинг текшириш олиб борувчи мансабдор шахслари рўйхати, текшириш ўтказишдан мақсад ва унинг вақти, шунингдек, текшириш муддати кўрсатилган қарор;
назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш дастури.
Хабар бериш тартибида амалга ошириладиган текширишлар ўтказиш учун назорат қилувчи орган томонидан қабул қилинадиган ҳамда ушбу модда биринчи қисми учинчи хатбошида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган қарор ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш дастури асос бўла олади.
Қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўтказиладиган ёки тадбиркорлик субъектлари фаолиятида «хавфни таҳлил қилиш» тизими натижаларига кўра бошланган тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишларнинг муддати ўн календарь кунидан ошмаслиги лозим.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти устидан ўтказиладиган текширишлар муддати ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим.
Тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишларнинг ушбу Қонун билан белгиланган энг узоқ муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаси бўйича ваколатли органнинг рухсати билан фақат бир марта узайтирилиши мумкин. Бунда текшириш ўтказишнинг ўзгартирилаётган муддати унинг асосий муддатидан ошмаслиги шарт.
Текшириш ўтказиш муддати ёки унинг бир қисми текшириш ўтказишга имкон бўлмаган ҳолларда назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномалари бўйича фақат ваколатли органнинг рухсати билан тўхтатиб турилиши ва (ёки) кўчирилиши мумкин. Бунда кўчирилган муддатдаги текшириш ваколатли органдан кўчириш тўғрисида рухсатнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь куни ичида якунланиши лозим.
Ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширишларнинг муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади. Бундай текширишларнинг муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва кўчириш ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган тартибда ваколатли органни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.