Жаҳон | 08:34 / 14.01.2019
5158
2 дақиқада ўқилади

Nissan’нинг собиқ раҳбарига турмада жиддий босим ўтказилаётгани маълум қилинди 

Фото: Koji Sasahara / AP

Nissan’нинг ҳибсга олинган собиқ раҳбари Карлос Гоннинг рафиқаси ҳуқуқ ҳимоячиларига Токиодаги турмада жиддий босим ўтказилаётган турмуш ўртоғига ёрдам бериш илтимоси билан мактуб йўллади.

Карол Гон Human Rights Watch ташкилотининг Япониядаги бўлимига йўллаган хатида бирорта одам унинг турмуш ўртоғи каби хўрланишларга учрамаслиги кераклигини ёзган. Аёлнинг айтишича, ҳуқуқ ҳимоячилари Япония ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Карлос Гон ҳуқуқлари бузилаётганига муносабат билдиришлари керак.

Карол Гоннинг маълум қилишича, турмуш ўртоғи 39 кундан бери иситилмайдиган тор камерада сақланмоқда, фақатгина гуруч ва перловка бўтқаси тановул қилмоқда ва шу сабабли 7 кг.га озиб кетган. Бундан ташқари, Карлос Гон зарур дори воситаларини олмаяпти. 

Аёлнинг таъкидлашича, терговчилар турли йўллар билан турмуш ўртоғидан кўрсатмалар олишга уринишмоқда. Шу мақсадда улар маҳбусни бир неча соатлаб сўроқ қилишмоқда, қўрқитиб, ҳақоратлашмоқда.

HRW’нинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Карол Гоннинг мурожаатига ҳозирча изоҳ берилмаган.

Карлос Гон декабрда молиявий қонунчиликни бузишда айбланиб ҳибсга олинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид