Сешанба куни бошланган тўқнашувларда камида беш нафар маҳбуснинг боши танасидан жудо этилган. Яна бир неча киши ўқотар қуролдан ҳалок бўлган.

Литорал қамоқхонасида Мексика наркокартеллари билан алоқада бўлган Эквадор бандаси аъзолари сақланади. Бу мамлакатдаги энг хавфли қамоқхона сифатида маълум.

Полиция бошлиғи Фаусто Буэнаньонинг тасдиқлашича, маҳбусларда гранаталар ҳам бўлган. Қамоқхонада назорат ўрнатиш учун 400 нафар полициячи ҳудудга олиб кирилган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, ушбу тартибсизликлар айни вақтда Эквадорда ҳаракатланаётган мексикалик наркофурушларнинг йирик гуруҳи томонидан қўзғалган.

Эквадор қамоқхоналар хизмати директори Боливар Гарсон маҳаллий радиога берган интервьюсида вазиятни "қўрқинчли" деб баҳолаган.

"Кеча маҳаллий вақт билан соат 14:00да полиция назоратни қўлга олди, аммо кечқурун яна отишмалар ва портлашлар бошланиб кетди. Бугун тонгда биз яна вазиятни тўлиқ назорат қила бошладик. Биз зиддият рўй берган жойларни текширишни бошладик ва янгидан янги жасадларга дуч келдик", деган у.

Гарсоннинг сўзларига кўра, сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси отишмалар бошланган ва полиция тартиб ўрнатиб, қамоқхона қанотларини текшириб чиққанида кўплаб жасадлар аниқланган ва жами қурбонлар сони 116тага етган.

Отишма портлашлар давом этаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг пайшанба куни тонгида тўрт юз нафар полициячи яна қамоқхонага юборилган.

Литорал қамоқхонасидаги исён - турмадаги назорат учун ўзаро курашувчи гуруҳлар иштирокидаги навбатдаги ҳодиса бўлди. Февраль ойида ҳам шу каби тўқнашувлар оқибатида 79 нафар маҳбус ҳалок бўлганди.

Қамоқхонада нималар бўлиб ўтди?
Буэнаньонинг сўзларига кўра, қамоқхона қанотларидан биридаги маҳбуслар ёриқ орқали бошқа қанотга ўтишган ва рақиб гуруҳ вакилларига ҳужум қилишган.

Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар жуда ноаниқ, айрим ҳолатларда жасадлар майдалаб ташланган ёки ёқиб юборилган, ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш учун бир неча кун кетиши мумкин.

Полиция қамоқхонадаги муштлашувлар рўй берган қанотлардан бирида қолиб кетган олти нафар ошпаз билан боғланишга эришган ва улар хавфсиз жойга кўчирилган.