Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Еттикон маҳалласидан тушган мурожаат кишини таажжублантирмай қолмайди.

Қизиғи, Еттикон маҳалласи Тўрақўрғон туман марказига жуда яқин экан.  Деярли,  марказ атрофида.

Маҳалла катта бўлиб, унда 742 хонадон жойлашган. Мингдан зиёд оилалардаги аҳоли сони 5 минг нафар атрофида. Ҳудудда умумтаълим мактаби ва болалар боғчаси фаолият юритади. Маҳалла ўтган асрнинг 80-йиллари охирида барпо бўлган экан.

Маҳаллада бошқа муаммолар мавжуд бўлса-да, фақат ичимлик суви масаласи оғир эканлигини таъкидлашди. Умуман олганда, рўзғорга энг кўп ишлатиладиган нарса бу –сув.

Қарангки, Еттикон маҳалласида яшовчилар кўча ва хонадонларида қачон сув оққанини эслай олишмади.

«Кўриб турибсиз, «Наманган ариғи» бор. Лекин, унинг суви ичишга ярамайди. Фақат идиш-товоқ ва кир ювишга ишлайди. Ювинишга ҳам яроқсиз. Совун ҳам кўпикламайди. Ноиложликдан шу ариқ сувидан фойдаланамиз. Неча йиллар давомида мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Барчаси бефойда кетди», дейди 63 ёшли Маҳмуджон ота Нурматов.

Аҳоли сувсизликка шу даражада кўникиб кетибдики, бу ердагилар рўзғорда жуда оз сув ишлатишар экан. Еттиконда ичимлик суви пулга сотиб олинади. Ажабланарлиси, Тўрақўрғон ичимлик суви учун қудуқ кавланса, оби-ҳаёт чиқмайдиган чўл ҳудуди эмас. Мутасаддилар томонидан узоқ йиллардан бери нима сабабдан мазкур муаммони ўрганиш ва ҳал қилиш масаласи кўрилмаётгани ажабланарли.

«Республика Адлия вазирлигига электрон тарзда мурожаат қилдик. Улар аризамизни ўрганиш учун туман адлиясига жўнатишибди. Арзимиз бир айланиб келгани қолди. Натижа йўқ», дейишди маҳалла вакиллари.