Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимидаги муаммоларнинг сабаблари нимада ва уларни қандай ҳал қилиш мумкин? Хорижда бу борада қандай амалиёт йўлга қўйилган? Хориж амалиётини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш мумкинми? Биз қуйида Канададаги жамоат транспорти тизимини кўриб чиқамиз ва ўз таклифларимиз билан ўртоқлашамиз.
Ягона транзит тизими
Канададаги катта шаҳарларда, мегаполисларда транспорт тизими ягона транзит тизимига бирлашган. Транзит тизими бу - автобус, трамвай, метро барчаси бир тизимга бирлашиши дегани. Бу тизим давлатга қарашли бўлиб, уни шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари бошқаради.
Шаҳар транзит тизими қандай ишлайди? Мисол учун, бир жойдан чипта сотиб оласиз ва ана ўша чипта билан манзилга етиб олишингиз мумкин. Неча марта транспорт алмаштирсангиз ҳам – автобусми, трамвайми, метроми - ана ўша битта чипта амал қилади. Бу билан шаҳардаги автомобиллар тирбандлигига барҳам берилади.
Яна бир шаҳарда эса вақт белгилаб қўйилган. Масалан, битта чипта олсангиз, у 1 соату 45 дақиқа давомида ўз кучида туради. Ўша вақт тугагунича сиз хоҳлаган жойингизга бориб қайтишингиз мумкин. Агарда 1 соат 40 дақиқада ишингиз битиб, чиптангиз яроқлилик вақти тугашига 5 дақиқа қолганида автобусга чиқсангиз, ҳайдовчи чиптангизни бошқасига алмаштириб беради ва чипта яна 1 соату 45 дақиқа ўз кучида бўлади.
Шаҳарда автомобиллар тирбандлиги пайдо бўлиши мумкин, лекин автобуслар билан бундай бўлмайди. Йўлнинг ўнг чети автобус ҳайдовчилари учун ажратилган бўлиб, бу йўлда тўхташ, тўсиб қўйиш қонун билан тақиқланади. Фавқулодда вазиятдан ташқари бошқа машиналар автобус йўлига тўхтаб унга халақит берса, автобус ҳайдовчиси рация орқали ўз диспетчерига ўша автомобиль ҳақида хабар беради. Диспетчер эса полиция билан боғланади ва полиция ўша ҳайдовчини жаримага тортади. Бир полосадан иборат йўлда олдингизда автобус бўлса, унинг ортидан кетаверасиз, автобусни қувиб ўтиш мумкин эмас, бу қоидабузарлик ҳисобланади.
Жамоат транспорти иши тонг саҳарда бошланади ва кеч тугайди, ҳар бир бекатга белгиланган вақтда етиб келади. Йўловчилар автобуснинг олд эшигидан чиқишади, ҳайдовчидан чипта олишади ёки ўз чиптасини кўрсатишади ҳамда орқадаги эшиклардан тушишади. Олд эшикдан тушиш мумкин эмас. Барча автобуслар камера билан жиҳозланган.
Автобус ҳайдовчилари мэрия ходими ҳисобланади
Ҳайдовчилар катта танлов асосида ишга олинади, у универсал ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши керак. Автобус ҳайдовчилари учун алоҳида тоифа мавжуд бўлиб, улар ана шу тоифага эга бўлишлари лозим. Агарда ушбу тоифага эга бўлмаса, ишга қабул қилинганидан сўнг ўзлари ўқитишиб, гувоҳнома олишига ёрдам беришади.

















