Яқинда Kun.uz таҳририятига Хоразм вилоятида яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушди. Мурожаат ҳозирда жуда катта ва асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётган Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш» тўғрисидаги қарорининг тўлиқ ижро этилмаётгани хусусида эди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Хамдам Бекчановнинг муаммосини жойига бориб ўргандик.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Маълум бўлишича, Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 8 августдаги қарорига асосан, Х.Бекчановга тегишли бўлган, Урганч шаҳри, «Тинчлик» кўчаси, 6-манзилда жойлашган 1783,42 кв.м майдондан иборат нотурар жой биноси алоқа коллежи қуриш учун бузиб ташланган. Эвазига «Э.Раҳим» кўчасидан якка тартибда уй-жой қуриш учун 420 кв.м ер участкаси ажратиб берилган ва мажбуриятнинг бир қисми бажарилган.
Урганч шаҳар ҳокимининг 2011 йил 12 январдаги қарорига кўра, бузиб олинган нотурар жой биноси учун Урганч шаҳар «Саноатчилар» кўчасидан 1200 кв.м ва 583,42 кв.м ер майдони ажратиб берилган. Бироқ фуқаро буни рад этган. Чунки, унинг бузилган нотурар жой биноси шаҳардаги энг марказий нуқтада жойлашган эди. Таклиф этилаётган ҳудуд эса четроқда жойлашган. Табиийки, фуқаро бунга рози бўлмаган ва бу қарорлар бекор қилинган.

Кейинроқ фуқарога ҳокимнинг янги қарори билан янги ер майдони ажратилган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 9 октябрдаги «Хоразм вилоятида умумтаълим мактаблари ўқувчи ёшлари ўртасида «Умид ниҳоллари-2015» республика спорт мусобақалари финал босқичини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш тўғрисида»ги баённома ижросини таъминлаш мақсадида шу ҳудудда жойлашган коллеж йўли лойиҳаси ўзгартирилган. Бунинг натижасида Х.Бекчановга берилган ҳудуд 144 кв.м га қисқартирилган.



















