Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломов «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни кўпчилик олдида уриб, дўппослаб, ҳуқуқларини топтаб, фермерлик ҳисоб рақамидаги 25 миллион сўм маблағни бошқа мақсадларга йўналтиришга мажбурлаган. Бу ҳақда Xabar.uz хабар бермоқда.
Ҳодиса 9 январь куни Олот туман ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилиш вақтида рўй берган.
«Беш йилдан буён 42,5 гектар ер майдонидан ҳосил олиб, пахта ва ғалла бўйича давлат режасини ўз вақтида бажариб келаман. Фермер хўжалигимнинг 10дан ортиқ аъзоси бор. Жорий йилнинг 9 январь куни «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини «Баҳрин баёт» фуқаролар йиғини раиси Зокир Бегиев соат 10:30да мени Олот туман ҳокимлиги мажлислар залида соат 14:30да ўтказиладиган йиғилишга етиб келишим зарурлигини айтди. У ерга етиб борганимда кўп фермерлар йиғилган эди», — дея ҳикоя қилади Ориф Дурматов.
«Йиғилишга киришим биланоқ, туман ҳокими мендан фермер хўжалик муҳрини сўради. Мен далада эканлигим боис, мажлисга кечикмаслик учун тўғри туман ҳокимиятига келганимни, муҳр уйдаги сейфдалигини, отамга хабар жўнатиб, муҳрни келтиришини сўрашимни билдирдим. Муҳр талаб қилинаётганининг сабаби эса тумандаги «Илҳом» фермер хўжалиги ҳисоб рақамига туман учун қишлоқ хўжалигига керак бўладиган ўрим комбайнлари ва ҳайдов тракторларининг харид қилиниши эди», — деган фермер.
У эътироз ўрнида айни пайтда фермер хўжалигининг ёнилғи мойлаш маҳсулотлари ҳамда ерларни шудгор қилиб берган бошқа бир фермер хўжалик техникасидан фойдалангани учун қарздорлиги борлигини билдиради. Шундан кейин туман ҳокими фермернинг олдига келиб, уни 200дан ортиқ фермернинг олдида ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, уради ва бошига қаттиқ зарба бериб йиқитади.
«Лабларим, бурним ва оғзимдан қон кетишига қарамасдан, айтилган маблағни кўчирмасам, мендан фермер хўжалигимга тегишли бўлган ерни туман ҳокимлиги захирасига топширишим тўғрисида мажбурлаб ариза ёздириб олди. Шундан сўнг туман ҳокими ўз вакиллари ҳамда туман ИИБ ходимларини уйимга юбортириб, уйдаги фермер хўжалигига тегишли муҳрни отамга айтиб сейфдан олдирган. Ҳолатни эшитиб, қон босими кўтарилган отам, маблағ кетса кетсин, ўғлим омон бўлсин, деб муҳрни сўраб келганларга топширган. Муҳрни келтиришгач, ҳоким яна бошимда туриб, фермер хўжалигимдан 25 миллион сўм маблағни бошқа ҳисобга ўтказиш учун ёзувлари қайд этилмаган тўлов топшириқномасига муҳр ва имзоимни мажбурлаб ёздириб олди», — деган жабрланувчи.
Тўлов топшириқномасини мажбурлаб имзолатилгач, фермер хўжалигига тегишли бўлган ерларни туман ҳокимияти захирасига топшириш тўғрисида мажбурлаб ёздирилган аризани қайтариб беришади.







