Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси негизида Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси ташкил этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда айтилади.

Белгиланишича, тугатилаётган Давлат рақобат қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасидаги маблағлар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари ўртасида тенг тақсимланади.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар, ижара тўловини тўлаш кечиктирилганлиги учун пеня ва шартнома мажбуриятлари бузилганлик учун жарималар суммаси;

корхоналарни, хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги акциялар (улушлар)ни, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни ва давлат мулки ҳисобланадиган бошқа мулкларни (давлат активлари) сотишдан тушган маблағлар;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан илгари берилган қарзлар бўйича қарздорлар томонидан асосий сумма ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар тарзида қайтарилган тушумлар;

тузилган ва бекор қилинган давлат активлари олди-сотди шартномалари (битимлари), берилган қарзлар бўйича тушган пенялар ва жарималар;

хўжалик жамиятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилгандаги давлат улуши бўйича тушумлар;

аукционлар, танловлар (тендерлар) ёки оммавий оферталарнинг олди-сотди баённомаси ёки шартномасини имзолашдан бош тортган ёки уни рад этган ғолиблардан ушлаб қолинган закалат суммалари;

давлат активларини сотишда ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан шартнома мажбуриятлари бузилганлиги учун неустойка суммалари;

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан илгари ўтказилган маблағлар қайтарилгандаги тушумлар;

Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;