Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 5.09.2018 йилдаги ПФ-5538-сон фармони 4-бандига асосан 2018 йил 1 октябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилди. Уларнинг ўрнини кузатув кенгашлари эгаллаши керак.
 
Қабул қилинган ҳужжатда белгиланишича, кузатув кенгашларини ташкил этиш нодавлат мактаблар учун тавсиявий хусусиятга эга, давлат мактабларида эса – мажбурий.
 
Кузатув кенгаши 7 кишидан кам бўлмаган таркибда ота-оналар умумий йиғилиши томонидан 3 йил муддатга сайланади. Бунда кенгаш таркибига ота-оналар орасидан камида 2 нафар, битирувчилар орасидан 2 нафар ва нафақадаги педагоглар орасидан 1 нафар ҳамда ҳомийлар орасидан 2 нафар аъзо кириши керак. Кенгаш аъзолари тенг ҳуқуқли, 1 овозга эга бўлиб, очиқ овоз берадилар (ошкора).
 
Мактаб директори, унинг ўринбосарлари ва мазкур мансабдор шахсларнинг яқин қариндошларини кенгашга сайлаш тақиқланади.
 
Кенгашларнинг асосий вазифалари:

• Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тавсия этилган номзодлардан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;
• таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
• таълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини вақти-вақти билан тинглаш;
• таълим муассасаси раҳбарининг тақдимномаси бўйича йиллик молиявий режаларни, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
• ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;
• ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, таълим муассасасининг педагог ва раҳбар ходимлари фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровларни ўтказиш;