Журналистикада ёзилмаган бир қоида бор: агар ит одамни тишлаб олган бўлса, бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Борди-ю одам итни тишлаб олса, мана бу ёритишга арзийдиган қизиқарли воқеа!
Олот ҳокими фермерни ургани тўғрисида ёзиб, биз ҳам тўғри иш қилмадик. Ҳокимнинг қўл остидагиларни савалаб туриши кимга янгилик экан? Агар ўша ёки бошқа фермер йиғилишда ҳокимни яхшилаб дўппослаганида эди – ана ўша ҳақиқий сенсация бўларди. Нафақат сайтларда чиқадиган оддий мақола, балки кўчма телестанцияларни олиб бориб, воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортажлар уюштиришга ҳам арзирди.
Минг афсуски, Ўзбекистонда раҳбарларнинг кимгадир қўл кўтаришига оид янгилик ҳеч бўлмаса ойига бир марта янграб туради. Кимдир эшитиб, ёки кўрса ҳам бирор далил тақдим этмай бундай ҳолатларни гапириб берса, умуман жиддий қабул қилинмайди. Яхшики, ҳар кимнинг қўлида замонавий телефонлар бор, вазиятни муҳрлаш мумкин. Лекин қизиғи видеолавҳаларда рўй-рост кўриниб турган дўппослашларда ҳам расман ҳокимнинг ҳақлиги таъкидланади, бўлиб ўтган воқеа зўр бериб хаспўшлашга уринилади.
Хўш, раҳбарнинг қўл кўтарар даражага келиши ва деҳқоннинг (ёки қуйидаги бошқа касб эгасининг) калтак ейишига нималар сабаб бўлмоқда?
Деҳқон ёки фермер ҳануз ер эгаси эмаслиги
Биздаги фермерлар шундай номга эга бўлсалар-да, иш тизимлари бўйича хориждаги ҳамкасбларидан кескин фарқ қилишади. Кўплаб давлатларда фермер ўзи ишлайдиган ернинг ҳақиқий эгаси – нима экишни, ҳосилни қачон йиғишни, кимга сотишни шахсан ўзи ҳал қилади. Солиқларни тўлайди ва ишлайверади. Ўзининг иқтисодиёти, ривожланиши учун ўзи жавобгар. Фаолияти учун кимдан нима харид қилишни ҳам ўзи белгилайди.
Бизда эса кўп жиҳатдан акси. Фермернинг нима етиштириши, қандай нархда қанча маҳсулот топшириши ва ҳатто бунинг учун нималарни қандай миқдорда харид қилишигача аниқ белгилаб қўйилган. Демак, ўз-ўзидан фермернинг ҳар бир ҳаракати назорат қилиб борилиши шарт, деб ҳисобланади. Назорат эса табиийки икки томонлама зиддиятни келтириб чиқаришга замин яратади.
Узлуксиз йиғилишлар
Қизиқ савол: бирор давлатда ҳокимият ва фермерларнинг мунтазам йиғилишлари ўтказилармикан? Биз эса бу бўйича ҳам ноёб мамлакатмиз – ҳокимиятларда тонготар мажлислар бўлиши ҳеч кимга сир эмас.












