Жаҳон | 09:17 / 18.01.2019
4296
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Audi’нинг 4 бошқарувчисига “дизел можароси” юзасидан айбловлар эълон қилинди 

Фото: Global Look Press/Daniel Kalker

Мичиган штатининг шарқий округи прокуратураси Volkswagen’нинг шўъба корхонаси Audi’нинг 4 нафар собиқ бошқарувчисига дизел автомобилларида чиқинди газлар билан фирибгарликлар қилиш иши бўйича жиноий айбловлар эълон қилди.

Айбловлар компаниянинг дизел двигателлар ишлаб чиқиш бўлимининг собиқ бошлиғи Ричард Баудер, қайд қилиш ва синовдан ўтказиш бўлимининг собиқ бошлиғи Аксел Айзнер, двигателларни ишлаб чиқиш бўлимининг собиқ бошлиғи Стефан Книрш ва двигателларни рўйхатга олиш учун жавобгар бўлган Карстен Нагелга эълон қилинган.

Улар АҚШга қарши фирибгарлик қилиш, молиявий фирибгарлик мақсадида тил бириктириш, АҚШнинг “Тоза ҳаво ҳақида”ги қонунини бузиш ва яна 6 та фирибгарлик ҳолатини содир этишда айбланмоқда. 

2015 йилда Германияда Volkswagen билан боғлиқ можаро авж олганди. Ўшанда компания махсус дастурий таъминот ёрдамида машиналаридан атроф-муҳитга чиқувчи чиқинди газларнинг миқдорини атайлаб камайтирган. Шу сабабли концерн АҚШнинг ўзидан ярим млнга яқин автомобилини ортга қайтариб олишига тўғри келган. Умуман эса бундай двигателли машиналардан бутун дунё бўйлаб 11 млн дона сотилган.

Мавзуга оид