Сўнгги вақтларда таҳририятга аҳолидан кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тартибига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунга кўра, қайд этилган масалага оид мурожаат ва саволлар юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва қоидаларга оид тушунтириш беришга қарор қилдик.

Нафақа ва моддий ёрдамнинг қандай турлари мавжуд, у кимларга берилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра нафақа ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжуд:

- болали оилаларга, яъни 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;

- бола парвариши бўйича нафақа, яъни бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;

- кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Юқорида қайд этилган низомга кўра, ушбу нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори энг кам ойлик иш ҳақи (жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган)нинг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

ёлғиз пенсионерлар.

Оила даромади қандай ҳисобланади?