«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси ўринбосари Улуғбек Саидов Ўзбекистонда табиий газ захираси маҳаллий эҳтиёжлар, шунингдек, узоқ муддатли экспорт шартномаларни амалга ошириш мақсадида қазиб олинишини билдирди. Бу ҳақда у BNE нашрига берган интервьюсида гапириб ўтган. 

«2018 йилда 60-65 миллиард кубометр газ қазиб олинди. Бу кўрсаткич 2017 йилга натижалардан 8,5 фоизга ортиқ. Бундан ташқари 2018 йилда 3 миллион тонна углеводород қазиб олинган ва тўлиқ қайта ишлаш учун корхоналарга етказиб берилди.

Ўзбекистонда табиий газ захираси маҳаллий эҳтиёжлар, шунингдек, узоқ муддатли экспорт шартномаларни амалга ошириш мақсадида қазиб олинади. Ўзбекистон нефть маҳсулотларига бўлган талабни қондириш учун углеводород хом-ашёсини Туркманистон, Россия ва Қозоғистондан ҳам сотиб олади», – дейди у. 

Улуғбек Саидовга кўра, табиий газ захирасининг асосий қисми Хитой ва Россияга экспорт қилинади. 

Шунга қарамай, Ўзбекистонда  газ етишмовчилиги кузатилмоқда. Масалан, автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари — газ тўлдириш компрессор станцияларига чеклов билан, лимитдан ташқари эса ортиқ олинган газ сарфи учун бошқа нарх ўрнатиб, газни реализация қилиш қатор қийинчиликларни пайдо қилмоқда. 

«Ўзбекэнерго» АЖ энергия ишлаб чиқариш станцияларининг барчаси ҳам тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бунга энергия ишлаб чиқариш учун зарурий хом-ашё – газ етишмаслиги сабаб қилиб кўрсатилади. 

Бундан ташқари, куз-қиш даврида, айниқса ҳаво ҳарорати пасайганда, табиий газ босимининг тушиб кетиши ёки умуман табиий газ бўлмаслиги, айниқса водий вилоятлари аҳолисининг жиддий ташвишига айланган.  Қозоғистон Республикасининг «КазТрансГаз» компанияси билан музокаралар ўтказилиб, унинг натижаси ўлароқ Фарғона водийси истеъмолчиларини бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бўйича муҳим келишув имзолангани эълон қилинганига қарамай, газ етказиб берувчи жойлардаги инфратузилма фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган.