Kun.uz мухбири Шокир Шариповнинг эксперт Юлий Юсупов билан суҳбати давом этади. Суҳбатнинг аввалги қисмларида ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳақида гап борган эди. Бу сафарги мавзу — иқтисодий ислоҳотлар йўлида ижобий натижаларга эришган айрим давлатларнинг тажрибаси ҳақида бўлади.

I қисм.

Ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг сабаби нимада?

II қисм.

Муаммоларни тан олиш — ривожланиш сари қадам

Tas-IX

YouTube

— Қисқа вақт ичида иқтисодий аҳволини ўнглаб олган давлатлар ҳам бор. Боз устига, уларда ислоҳотлар ташаббуси чекланган инсонлар тарафидан кўрсатилган.

Юлий Юсупов: — Ҳа, XX асрда ҳам, XXI асрда ҳам сиз айтганингиздек, чекланган инсонлар томонидан ислоҳотлар ўтказилган кўплаб давлатлар бор. Кўпгина ҳолларда, айнан авторитар режимларда. Классик мисол — Чилидаги Пиночетдан, ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаганидан бошласак, улар ҳам ислоҳотлар ўтказишган, лекин бу ҳолда сиёсий террор ҳам юз берган ва инсонлар ўлдирилган.

— Балким бу мисолларни олмаслик керакдир?

— Лекин, тан олиш керак, айнан иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар муваффақиятли ўтказилган. Чили ҳозир иқтисодий жиҳатдан Лотин Америкасидаги етакчи давлатга айланган. Ёки Хитойни олайлик, у ерда ҳанузгача авторитар режим ҳукмрон. Яъни у ерда ғарбча демократиядан асар ҳам йўқ, ҳокимият партия ичидаги маълум бир инсонлар гуруҳига — коммунистик партияга тегишли. Яъни, соф авторитар режим. Лекин бир гуруҳ инсонлар, аввало Денг Сяопинг — Хитой ислоҳотлари етакчиси томонидан жиддий иқтисодий ислоҳотлар ўтказилган. 1979 йилда бошланган ислоҳотлардан сўнг Хитой намойиш этган иқтисодий юксалиш жаҳон тарихида мисли кўрилмаган даражага етди.