Жаҳон | 16:29 / 21.01.2019
16576
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: MI6 ГРУ Скрипаллар ишидаги «ёлғон из»га алоқадорлигини фош этди

Фото: REUTERS

Россия разведкаси жосус Сергей Скрипаль ва АҚШ президенти Дональд Трампга қарши «рус досьеси» муаллифи Кристофер Стилни ўзаро боғлаб, «ёлғон из» яратишда айбланди. Бу ҳақда Британиянинг Daily Telegraph газетаси разведкадаги манбаларга таянган ҳолда ёзмоқда.

Скрипаллар Солсберида асаб-фалажловчи модда билан заҳарланишидан бир йил олдин «ёлғон из» яратилган, деб ёзади нашр.

Хусусан, LinkedIn сервисида Скрипалга суиқасд қилинишидан бир йил аввал номи ошкор этилмаган профилга эга ёзув пайдо бўлган, у тез орада ўчириб ташланган. Ундан кейин Британия ОАВ Скрипалнинг MI6’даги куратори «Orbis Business Intelligence катта таҳлилчиси бўлиб ишлаши»ни хабар берди. Трампга «досье»ни айнан шу компания эълон қилган.

Бироқ, қатор манбаларнинг Telegraph’га хабар беришича, LinkedIn’даги профиль сохта бўлган ёки у ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, шунингдек, Скрипалнинг MI6’даги куратори Трампга қарши «рус досьеси»ни чиқарган компания учун ҳеч қачон ишламаган.

Британия газетаси разведкадаги «нуфузли манбалар»га асосланган. Уларнинг фикрича, Сергей Скрипалга суиқасд Трампнинг Россия билан алоқалари ҳақида текширилмаган маълумот асосида фикр юритилган «досье» ҳақиқат эканига шубҳа уйғотиш мақсадида «махфий амалиётлар» ўтказишнинг бир қисми бўлган, дейилади материалда.

Нашрдан қайд этишларича, бу досьенинг муаллифи - Кристофер Стил Британиянинг MI6 разведкасида Россия бюросига раҳбарлик қилган. У Сергей Скрипаль билан Британия разведкасидаги иши давомида танишган бўлиши мумкин.

2018 йил мартида Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия «Новичок» асаб-фалажловчи модда ёрдамида Солсберида заҳарланди. Улар ҳозирча жамоатчиликдан яширинмоқда. Лондон Москвани ҳодисага алоқадорликда айбламоқда.

Кремль Буюк Британия ҳукуматининг Россия ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Солсберида заҳарланишига алоқадор экани ҳақидаги айбловларини инкор қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Скрипалларнинг заҳарланишдан кейинги ҳаёти ҳақида тафсилотлар пайдо бўлганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид