Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер истеъфога чиқарилиши керак. У терма жамоага ҳеч нарса беролмади ва бундан кейин ҳам беролмайди, бунга ишончим комил. Унинг бош мураббий қилиб тайинланишини эса ЎФА томонидан йўл қўйилган жиддий хато деб ҳисоблайман.

Гап Ўзбекистон терма жамоасининг пенальтилар сериясида Австралияга ютқазиб, Осиё Кубогини 1/8 финалдаёқ тарк этгани ва ўз олдига қўйилган вазифани уддалай олмаганида эмас. Ваҳоланки, мусобақадан олдинги баландпарвоз ваъдаларда терма жамоамиз Осиё чемпиони бўлиши ҳақида гапирилган эди. Гап терма жамоанинг ўйинида ўсиш бўлмаганида, пассив ва ҳимоявий, қандайдир тушунарсиз, ёқимсиз футбол намойиш этганидадир.

Мағлубият билан мағлубиятнинг фарқи бўлади. 2007 йили Осиё Кубоги чоракфиналида биз Саудия Арабистонига 1:2 ҳисобида ютқазганмиз. Аммо қандай ютқазган эдик? Терма жамоа жуда чиройли ва ҳужумкор ўйин намойиш қилган, фақат ҳакамнинг қўпол хатоси туфайли, биз урган гол инобатга олинмаганидан сўнг, мусобақани аламли тарзда тарк этган эди. Ўша мағлубиятдан сўнг, футболчиларни айблашга ҳеч кимнинг тили бормаган, ҳатто ОФК президенти ҳакамнинг хатоси учун шахсан биздан узр сўраган эди.

Эктор Купер нима учун терма жамоага тайинланди?

Купер тайинланганида унинг аввалги ютуқлари тилга олинди. «Валенсия» билан Чемпионлар Лигаси финалига 2 марта чиққани, Миср терма жамоаси билан жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани баралла айтилди. Қайд этишга арзийди - 2000 йилда УЕФА уни энг яхши мураббийи деб эътироф қилганди.

Бироқ, Купернинг мураббийлик фаолиятида муваффақиятсиз ўтган, баъзан эса яққол барбод қилинган йиллар бўлган. Улар эса ютуқли даврларга қараганда кўпроқ, бу жиҳатларга негадир эътибор қилинмади. «Валенсия» билан қўлга киритилган ютуқлардан сўнг, Купер «Интер» билан Италия А Сериясида 2-ўринни эгаллаган. Шундан кейин унинг фаолияти тубанликка қараб кетади: «Мальорка» клубини Примерада сўнгги ўринни эгаллаб турганида тарк этади, «Бетис»да муваффақиятсиз мавсум ўтказади, «Парма» клубида атиги 2 ой ишлаб, қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилади. Грузия терма жамоасини бирорта ўйинда ғалаба қозонмай тарк этади, «Расинг» клубида қониқарсиз натижалар туфайли, мавсумни охирига қадар етказа олмайди, Туркиянинг оммага таниш бўлмаган «Ўрдуспор», Грециянинг «Арис», БААнинг «Ал-Васл» клубларида ҳам узоқ ушланиб қолмайди. ЎФА бу маълумотларни таҳлил қилиб кўрганмикан?

2015 йилда Купер Миср терма жамоасини қўлга олиб, у билан Африка Миллатлари Кубоги финалигача етиб борди, кейинчалик ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритди. Балки ЎФА шу ютуқлардан илҳомлангандир? Бу ғалабаларга Купернинг асосан муваффақиятсиз ўтаётган фаолиятидаги истисно тариқасида қараш мумкин. Чунки, Мисрда сўнгги йилларнинг зўр ҳужумчиларидан бири Муҳаммад Салоҳ бор эди. Терма жамоанинг юки асосан унинг елкасига тушди. Футболчи жароҳат олиши билан Миср нурсиз ўйин намойиш қиладиган ўртамиёнага айланди қўйди (ЖЧ-2018 гуруҳ босқичини эслаш кифоя).