Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди.   

Ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Бавария Бош вазири Маркус Зёдер билан учрашди. 

Давлатимиз раҳбари фахрий меҳмонлар китобига имзо қўйди.

Германиянинг жануби-шарқида жойлашган ҳамда 70,5 минг квадрат километр майдонни эгаллаган Баварияда 12,9 миллион аҳоли яшайди. Ушбу ўлка федератив республиканинг майдон бўйича энг йирик ва аҳоли сони бўйича иккинчи субъектидир. 

Бугунги кунда Бавария мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бавариянинг ялпи ҳудудий  маҳсулоти ҳажми 600 миллиард еврога яқин бўлиб, бу Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан аксариятининг кўрсаткичларидан юқори. Германияда ишлаб чиқарилаётган авиа ва аэрокосмик техниканинг қарийб ярми, тўқимачилик маҳсулотларининг 43 фоизи, электроника товарларининг 27 фоизи, машинасозликнинг 18 фоизи, металлургия маҳсулотларининг 12 фоизи ушбу федерал ўлка ҳиссасига тўғри келади. 

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Маркус Зёдерни Германия Христан-социал иттифоқи раиси этиб сайлангани билан табриклаб, унинг ушбу юксак мартабадаги фаолияти икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашишига ишонч билдирди. 

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Президентимиз Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар давомида ўзаро англашувга эришилгани ва ҳамкорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланганини таъкидлади. 

Германия билан муносабатлар анъанавий равишда илғор ва кўп тармоқли хусусиятга эга бўлиб, ҳамкорлик соҳаларининг кенг кўламини қамраб олади. Хусусан, икки давлат ўртасида салмоқли шартнома-ҳуқуқий база шакллантирилган.

Бавария Бош вазири Маркус Зёдер Президент Шавкат Мирзиёевни Мюнхенда кўриб турганидан мамнун эканини билдириб, Германия билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилиши, савдо-иқтисодий соҳадаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлишини қайд этди.