Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони имзоланганди. 

Фармонга мувофиқ, низом қабул қилинган бўлиб, у террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларини тақдим этиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш, шунингдек, тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. 

Низом бандлари ва комиссия фаолиятига оид саволларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жавоб бериб, айрим ҳолатларга расмий изоҳ берди. 

Бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган чет элдаги Ўзбекистон фуқароси ўзини айбдор ҳисобламаса, тўлиқ оқланишини талаб қилмоқчи бўлса, у ҳолатда бу фуқаро ҳам комиссияга мурожаат қилиши мумкинми? Агар мумкин бўлса, унда қай тарзда мурожаат қилади?

Низомнинг 3-боб, 10-бандига кўра, Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири, бу- тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашдир.

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига асосан, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади. Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

Шунингдек, «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5542-сонли Фармони ва юқорида келтириб ўтилган Низомга асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жиноий жавобгарликдан озод қилиниши учун бир нечта ўзига хос талаблар қўйилган бўлиб, шулардан бири «Ўзбекистон Республикаси фуқароси айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган» бўлишидир.