Япониянинг Кобе университети ҳуқуқ факультети докторанти Ҳусаин Ражапов янги тузилган «Монополияга қарши курашиш қўмитаси» қайси тамойилларга суяниши лозимлиги хусусида ўз фикрларини «Газета.uz» нашрида эълон қилинган таҳлилий мақоласида баён этди.

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан «Давлат рақобат қўмитаси» асосида «Монополияга қарши курашиш қўмитаси» (Антимонополия қўмитаси) ташкил этилгани тўғрисидаги янгилик кишини қувонтирди. Алоҳида ва мустақил монополияга қарши курашувчи идора жорий иқтисодий ислоҳотлар занжирида етишмаётган эди.

Бу каби ислоҳот мамлакатда 2000 йилда ҳам амалга оширилган — Молия вазирлиги таркибидан мустақил «Монополиядан чиқариш давлат қўмитаси» ажратилган эди. Бироқ ҳукуматнинг 2012 йилдаги қарори билан «Монополиядан чиқариш давлат қўмитаси» ва «Давлат мулк қўмитаси» янги идорага — «Давлат рақобат қўмитаси»га айлантирилди.

Афсуски, бу янги ташкил этилган қўмита фаолиятида бевосита рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши йўналиш оз ўрин олган эди. Давлат рақобат қўмитасининг 2012 йилдан кейинги ҳисоботлари бунга далолат бўла олади. Уларда асосан давлат активларини хусусийлаштириш, сотиш, бошқариш, ночор корхоналар билан ишлаш ва ҳоказолар ёритилган.

Яъни, айтиш мумкинки, 2012 йилда Давлат мулк қўмитаси Монополиядан чиқариш давлат қўмитасини «ютиб юборди». Бу эса мамлакатдаги рақобатни ҳимоя қилишга салбий таъсир кўрсатди. Шу сабабдан, мустақил Антимонополия қўмитаси ташкил қилинишини бозор иқтисодиётини қуришдаги тўғри қадам, деб ҳисоблайман.

«Кўринмас қўл»

Одамларнинг ўз манфаатларини кўзлаб қиладиган, аммо пировардида бутун жамиятга фойда бўладиган саъй-ҳаракатлари иқтисодиётнинг «кўринмас қўли» дейилади. Замонавий иқтисодиёт отаси саналмиш Адам Смитнинг «кўринмас қўл» назариясига асосан, инсон ўз табиатига кўра худбин ва манфаатпарастдир. Аммо у ўз фойдасини кўзлаб фаолият юритса-да, беихтиёр жамиятга фойда келтиради.

Энг қизиғи — у бу билан «жамиятни бойитяпман» деган фикрни хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин «кўринмас қўл» шундай натижаларга олиб келадики, бундан нафақат у одам — бутун жамият манфаат кўради. Иқтисодиёт назариясига кўра, бозорнинг бундай «кўринмас қўли» моддий ресурсларни тақсимлашда энг самарали инструмент ҳисобланади. Бироқ, турли хил ташқи сабабларга кўра, бу назария баъзида иш бермай қолади.