Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Унда «Siemens», «Thyssenkrupp», «Volkswagen», «Knauf», «Claas», «MAN», «Deutsche Bahn», «Linde Group», «Falk Porcshe Technik», «Atlas International», «Tenova», «Giesecke & Devrient», «Papenburg», «Euler Hermes», «Deutsche Bank», «Commerzbank» каби Европа ва жаҳон бозорининг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган қатъий янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётнинг эркинлаштирилаётгани мамлакатимизнинг изчил ривожланиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши учун шарт-шароит яратаётгани таъкидланди.
Германия дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида бўлиб, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлат ҳисобланади. Ўзбекистоннинг бой табиий ресурслари, юқори даражадаги инсон капитали, унинг тармоқланган инфратузилмаси, қулай инвестиция муҳити Германия билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга жиддий асос яратмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёдаги энг қулай геосиёсий жойлашувига кўра, балки ижтимоий-сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлиги билан ҳам ажралиб туради. Шунингдек, германиялик ҳамкорлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёт тармоқларини техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш ва диверсификациялашга йўналтирилган пухта ўйланган сиёсий интилишини юқори баҳолайди.
Мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай имкониятлар яратилаётган алоҳида қайд этилди. Уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнес ривожи йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли қисқартирилди.
Хорижий инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида, амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, долзарб масалалар, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини ушбу кенгаш фаолиятида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Самарали савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Германия иқтисодиёти шарқий қўмитаси муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.


















