Ўзбекистон | 00:41 / 25.01.2019
5075
2 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича кадрлар масаласига жиддий эътибор қаратиш вақти келди

Ўзбекистонда экология, сув ресурслари ва атроф-муҳит муҳофазаси йўлида фаолият юритувчи кадрлар масаласига жиддий эътибор қаратиш вақти келди ва бугунги кунда хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда маҳаллий вазирликлар билан шунга доир қатор музокаралар олиб борилмоқда. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров Kun.uz мухбирининг кадрлар ҳақидаги саволига шундай жавоб берди:

«Кадрлар масаласида кўп иш олиб боришимиз керак, албатта. Улар олдимизга қўйилган вазифаларни тўлиқ бажаришга тайёр, дея олмаймиз. Бугунги конференция доирасида ҳам белгиланган вазифалардан бири - Европа Иттифоқи давлатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан биргаликда соҳада фаолият юритувчи кадрлар малакасини ошириш бўлиб, бу бўйича қатор музокаралар ўтказилди. Кадрлар малакасини ошириш, уларни тайёрлаш, ўқитиш, тажриба алмашиш каби масалалар бўйича хорижлик мутахассислар билан бир қаторда маҳаллий вазирликлар билан ҳам биргаликда иш олиб боряпмиз», - дейди у.

Бундан ташқари, чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида ишловчи кадрлар масаласи ҳам кўриб чиқилаётгани, шунга доир дастурлар, режалар ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

«Кадрларни тайёрлаш бир кунлик иш эмас, бу жуда мураккаб жараён. Бунинг учун биз дастурларимиз, йўналишларимизни тўғри тузиб, белгилаб олишимиз керак. Айни дамда халқаро ҳамкорларимиз билан шунга доир ишларни олиб боряпмиз»​​​​​​​, - қўшимча қилади Қўмита раиси.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид