Кейинги кунларда интернетда Фарғона шаҳри марказидаги уйлар эгалари кўчмай туриб бузилаётгани, бу эса кўп йиллардан бери яшаб келаётган уйини ташлаб, шаҳар чеккасидаги ҳудудга кўчишни истамаётган аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона шаҳридаги, халқ тили билан айтганда «Гидролизный» дея аталувчи мазкур ҳудудга йўл олдик.

Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий, Соҳибқирон Темур ва Форобий кўчалари кесишмасида жойлашган 2 қаватли уйлар ёнидамиз. Бу ерда жуда асабий ҳолат ҳукм сурмоқда. Бунинг сабабига эса қуйида муфассал тўхталамиз.

Муаммо нимада?

Шу йилнинг 2 январь куни «Гидролизный» шаҳарчасида жойлашган 12та кўпқаватли уйларда яшаётган аҳолига шаҳар ҳокимлиги вакиллари томонидан қўққисдан «уйларинг сносга тушди» дея хабар берилади.

Аввалига мутасаддилар хонадон эгаларига уйлари сотиб олинишини айтишган. Кейин эса, биринчи босқичда бузилиши кўзда тутилган 8та уйдаги 62 хонадон - Фарғона шаҳар, Регистон кўчасида янги қурилган кўпқаватли уйдаги хонадонларга кўчирилиши билдирилади.

Халқда шундай нақл бор: «Қушнинг ҳам уяси бузилмасин». Бузилиши кутилаётган уйларда яшовчи аҳолининг маълум бир қисми янги уйларга кўчишни истамайди. Маълум қисми кўч-кўронини кўтариб кўчиб ўтади.

Мутасаддилар эса зудлик билан уйларни бузишга киришадилар. Айни пайтда, 8та уй жойлашган ҳудудда бир неча уй бутунлай бузилиб бўлган, бузиш ишлари давом этмоқда. Ажабланарлиси, бузилаётган уйларда ҳали ҳам чиқиб кетишни истамаётган квартира соҳиблари бор.

Айни пайтда ҳокимлик вакиллари ички ишлар ходимлари билан хонадондан кўчиб чиқишни истамаётган аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва тортишувлар келиб чиққан.