Ўзбекистон | 08:57 / 25.01.2019
6278
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳри бош лойиҳаси ЮНЕСКО эксперти билан муҳокама қилинди

Шу кунларда ЮНЕСКО эксперти, Франция шаҳарсозлик институти халқаро алоқалар бўйича менежери Э.Ҳойберхтс раҳбарлигидаги делегация Самарқанд шаҳри меҳмони бўлиб турибди. Делегация аъзолари вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилмоқда.

Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

— Таклифимизга биноан Самарқандга ташриф буюрган экспертлардан бир неча масалаларда ҳамкорлик кутяпмиз, — деди Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов. — Биринчи навбатда, шаҳар бош режасини расмийлаштиришда ЮНЕСКО экспертининг фикрлари биз учун муҳим. Бундан ташқари, шаҳарнинг муҳофаза остидаги ҳудудида қурилиши мумкин бўлган меҳмонхоналар ва бошқа туристик иншоотлар бўйича маслаҳатлашув кўзда тутилган. Шунингдек, ана шу биноларни ҳужжатлаштиришда ҳам ҳамкорлик қилмоқчимиз.

Йиғилишда ЮНЕСКО эксперти Эрик Ҳойберхтс мамлакатимизда тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик меъёрлари бўйича мавжуд қонун-қоидалар, ҳукумат қарорлари билан қизиқди. Шундан сўнг, меҳмонлар шаҳар харитаси орқали унинг тарихий қисми, муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва уларнинг атрофлари билан танишди.

— Самарқанддаги тарихий обидалар бутун сайёра аҳолиси учун аҳамиятга эга ва биз уларни асрашда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз, — дейди Эрик Ҳойберхтс. — Шу кунларда, меъёрий ҳужжатлар, мавжуд тарихий объектларнинг 3D форматдаги суратлари, тарихий ҳудуддаги бошқа бинолар билан танишяпмиз. Сизлардаги қоидаларга кўра шаҳарнинг тарихий қисмида қурилиши лозим бўлган биноларнинг баландлиги 8 метрдан ошмаслиги лозим экан. Аммо айни шу ҳудудда саноат корхоналари ҳам жойлашган. Бу масалада ҳокимлик билан батафсил фикр алмашамиз.

Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги

Йиғилишда Самарқанд шаҳар бош архитектори Ф.Мардонқулов ва шаҳар бош режаси лойиҳачиларидан бири — China Construction Engineering Design Group Corporation Ltd профессори Сунг Шиаолунг шаҳар бош режаси хусусида саволларга жавоб қайтарди.

Делегация ўз ишини бир ҳафта давом эттириб, шаҳар бош режаси бўйича фикр алмашишига келишиб олинди.

Мавзуга оид