Ўзбекистон | 16:52 / 25.01.2019
13009
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш режасига қандай муносабатда экани маълум бўлди

24 январь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Петер Буриан бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Петер Бурианнинг хабар беришича, Ўзбекистонга ташриф доирасида делегация Тошкентда бўлиб ўтадиган ҳамда атроф муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган “Европа иттифоқи – Марказий Осиё” халқаро конференцияси ишида иштирок этади

ЕИ президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий сиёсатини маъқуллайди ва Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр, бунда барча кўмак воситалари - техник ёрдам, грантлар ва бошқалардан фойдаланилади, деди П.Буриан.

Петер Бурианнинг билдиришича, ЕИда давлатлар, бизнес ва умуман жамиятлар томонидан Ўзбекистонга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошган. Бу қизиқиш Ўзбекистондаги қатъий ислоҳотлар билан боғлиқ бўлиб, у бутун дунёга жуда қисқа вақт ичида ижобий ўзгаришларни амалга ошириш мумкинлигини кўрсатди. Мазкур ривожланиш йўналиши Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги иқтисодий етакчига айлантиришга мўлжалланган.

Европа ташқи алоқалар бўйича хизматининг Марказий Осиё бўйича бўлинмаси бошлиғи ўринбосари Филип ван Амерсфоорт хабар беришича, ЕИ 2019 йил биринчи ярми охиригача қабул қилиниши режалаштирилган Марказий Осиё билан ҳамкорлик бўйича янги стратегия ишлаб чиқишни якунламоқда. Стратегия Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги етакчи ролини акс эттиради.

Шунингдек, учрашув давомида мамлакатнинг GSP+га қўшилиши масаласи ҳам муҳокама этилди. GSP+ – бу ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ушбу мамлакатлардан келтирилаётган товарларга ривожланган мамлакатлар томонидан қўлланиладиган преференциялар, имтиёзли божхона тарифлари умумий тизимидир.  

Бундан ташқари, ЕИ делегацияси Европа иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режасини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва ҳар томонлама сиёсий қўллаб-қувватлов ҳамда техник кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Содиқ Сафоев ва Петер Буриан Ўзбекистоннинг GSP+га қўшилиши масаласини муҳокама қилганди.

Мавзуга оид