Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси бинолари мажмуидан фойдаланиш дирекцияси” ДУКни Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бинолардан фойдаланиш дирекциясига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгиланишича:

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бинолардан фойдаланиш дирекцияси ўзини ўзи молиявий таъминлайдиган муассаса шаклида ташкил этилади ва бюджет ташкилотига тенглаштирилади;

Дирекция таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобланади;

Дирекция ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик:

давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш ва риэлторлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси президентига бўйсунади ва ҳисобот беради;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва давлат, шу жумладан чет элдаги активларини бошқариш, хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш (шу жумладан давлат улушларини сотиш), давлат активларини ижарага бериш, хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этиш, иқтисодий ночор хўжалик жамиятларини молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш фаолиятида давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.