Кўпроқ табассум қилинг, дўст топинг ва ҳордиқ ҳақида унутманг.

Фото: Лайфхакер

1. Бажараётган ишингизнинг моҳиятини тушунинг

1983 йилда Стив Жобс Apple’нинг бўлажак бош директори Жон Скаллини ўзининг PepsiCo компаниясидаги ишини ташлашга ишонтириш учун бор-йўғи битта савол берди: «Ҳаётингизнинг қолган қисмини лимонад сотиш билан ўтказишни истайсизми ёки ҳаётни ўзгартиришни хоҳлайсизми?». Нима учун бу савол шу қадар самарали? У тасаввурни уйғотган ва кишига аҳамиятли иш билан шуғулланиш умидини берган.

Уортон бизнес мактаби профессори Адам Грант қуйидаги фикрда: бажараётган ишлари нафақат ўзлари, балки бошқалар учун ҳам аҳамиятли эканини биладиган ходимлар ўзларини анча бахтли ҳис этишади ва унумли ишлайдилар.

2. Офис уясини яратинг

Кўпчилик ҳафтасига 40 соатдан кўпроқ вақтни ишхонада ўтказишади. Шундай экан, ўз иш жойингизни қулай, шинам ва ёқимли тарзда ташкил қилинг. Албатта, хонада кўнглингизга маъқул бўлган плакатларни осиш ва деворни бошқа рангга бўяй олмасангиз керак. Бироқ ёқимли майда-буюмлар билан тўлдириш мумкин.

3. Ишхонада дўст топинг

Раҳбарлар истеъдодли ва масъулиятли ходимларни нафақат ишга олишлари керак, шу билан бирга ташкилотдаги яхши микроиқлимни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратишлари керак. Одамларда бир-бири билан мулоқот қилиш имконияти мавжуд бўлиши лозим.

Ишхонада дўстларга эга ходимлар фаолиятларини қизиқарли, фойдали ва ёқимли вақт ўтказиш сифатида қабул қилишади. Бундан ташқари, ҳамкасблари томонидан қўллаб-қувватлашни ҳис этишади, бу эса ўз навбатида ташкилотга бўлган содиқликни ҳам оширади.

4. Табассум қилинг

Табассумдан ҳам оддийроқ нарса борми? Кайфиятни ундан бошқа яна нима тезда кўтара олади? Табассум қилинг! Айтганча, унутманг, табассум юқумли. Тез орада нафақат сиз, балки ҳамкасбларингиз ҳам табассум қилиш эҳтимоли жуда катта.

5. Шахсий муаммоларни уйда қолдиринг

Зўриқиш кучларни «еб битиради». Бу ҳаётингизнинг барча соҳалари, айниқса касбий фаолиятга салбий таъсир кўрсатади. Ҳар дақиқада соатга қараб кун ҳеч қачон тугамайди деган фикрга келасиз. Доимий равишда чалғийсиз ва охир-оқибат ҳеч қандай фойдали иш қилмайсиз.