Жаҳон | 14:55 / 29.01.2019
3659
2 дақиқада ўқилади

Британия расмийлари ижтимоий тармоқларни блоклашга тайёр

Буюк Британия ҳукумати вакиллари ижтимоий тармоқ масъуллари турли зарарли контент билан курашмаган тақдирида сайт ва мессенжерларни блоклашга тайёр эканини маълум қилди.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок BBC телеканали эфирида ижтимоий тармоқларда ўсмирлар руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкин бўлган постларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Вазир ижтимоий тармоқлар раҳбариятларини сўнгги чора сифатида блоклаш мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирган.

Мамлакатдаги болалар ва ўсмирлар орасида айнан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган постлар оқибатида ўз жонига қасд қилиш, руҳиятини шикастлаш каби ҳолатлар кўп кузатилган.

Телевидениедаги интервьюдан сўнг жаноб Ҳэнкок ҳукумат янги қонун чиқаришга ҳам тайёр эканлигини билдирди. Вазир огоҳлантириш хатларини Twitter, Snapchat, Pinterest, Apple, Google ва Facebook (Instagram ва WhatsApp) каби компанияларга йўллаган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча ойдирки, Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook тармоғи, YouTube видео платформасига кириш билан муаммолар юзага келмоқда. Буюк Британиядан фарқли равишда Ўзбекистон ҳукумати бу ҳолатга асосли изоҳ бергани йўқ.

Мавзуга оид